СамВМИда ZOOM тизимида видеоучрашув: Талабалар бажарган назорат ишлари, малака амалиётлари назоратга олинади
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Худайназар Юнусов видеоучрашув ўтказди. ZOOM тизимида, онлайн тарзда ташкил этилган мазкур видеомулоқотда соҳа проректорлари ҳамда кафедралар мудирлари иштирок этишди.
Мамлакатимизда қайд этилган коронавирус пандемияси тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин муносабати билан профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар 16 апрель санасидан ўқишдан озод этилган. Аниқроғи, Ҳукумат қарори асосида мамлакатимизнинг барча таълим муассасалари фаолияти номаълум муддатга, вақтинча тўхтатилган эди. Шунингдек, карантин муддатининг чўзилиши муносабати билан барча таълим даргоҳлари жорий йилнинг 1 апрель санасидан масофавий таълим тизимига ўтди.
Айни кунда барча фанларнинг электрон ўқув ресурслари масофавий таълим платформасида жойлаштирилмоқда. Шунингдек, видеодарслар институт расмий веб-сайти, телеграм гуруҳларида ҳам олиб борилмоқда.
Институт раҳбари мазкур учрашувда кафедра мудирлари билан мазкур видеодарсларни самарали ташкил этиш, бу дарсларга барча талабаларни жалб этиш, оралиқ, жорий ва ҳоказо назорат ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш борасида фикр-мулоҳазалар алмашди. Бу борада юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари юзасидан келишиб олинди.
Айни кунда институтда 23 та кафедра мавжуд. Бу кафедраларда фаолият кўрсатувчи профессор-ўқитувчилар эндиликда одатдагидан ўзгача тарзда дарс машғулотлари олиб боришлари зарурлиги раҳбар томонидан алоҳида таъкидланди.
Ректорнинг таъкидлашича, бу жараёнда барча талаба-ёшларни қамраб олиш, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги ҳам муҳим масала. Биз талаба билан аудиторияда юзма-юз машғулот ўтишга кўникканмиз, маъруза ўқиймиз, имтиҳон оламиз, савол-жавоб қиламиз.
Бу амалиёт, яъни масофавий таълим барчамиз учун бироз мураккаб кечиши мумкин. Негаки, бу тизим бизда эндигина, вазият тақозоси билан жорий этилмоқда. Аммо дунё тажрибасида бу амалиёт янгилик эмас. Ривожланган мамлакатларда бу анчадан буён мавжуд ва самарали эканлиги исботланган. Илм олишни истаган киши ҳар қандай йўл билан бунга эришади.
Вақт кутиб турмайди. Талабаларнинг билим олиши, ўқув-малака амалиётини ўташи ва келажакда яхши мутахассис бўлиб етишиши лозим. Бу жараёнда Сизнинг кўп йиллик педагогик тажрибангиз қўл келишига ишонаман. Эндиликда бор маҳоратингизни онлайн-дарсларни ёшлар учун қизиқарли ва мароқли тарзда ташкил этишга сарфлайсиз, деб умид қиламан. Бугундан меҳнат таътили ниҳоясига етди ва янгича иш жараёнига киришасиз.
Тўғри, бу ўринда талабалар ҳам баъзи ноқулайликларга дуч келиши мумкин. Негаки, талабаларимизнинг аксарияти қишлоқ жойларда, республикамизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилишади. Бу ҳудудларда эса интернет тезлиги ўта паст. Бу вазиятда талаба дарсларни қандай ўзлаштиради? Ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар, телеграм гуруҳлари ишламаган вазиятда, электрон почта ва бошқа ресурслардан фойдаланиш лозимлиги, билим олиш учун ҳар қандай имкониятни ишга солиш кераклигини ёшларимиз онгига сингдиришимиз лозим.
Шунингдек, талабаларнинг интернетдаги чиқишларини (веб-сайт ва телеграм каналларидаги видеомурожаатлар) шахсан кузатиб боряпман. Бу мени ва барча устозларни мамнун қилади. Улар бугунги вазиятдан, синовли кунлардан тўғри хулоса чиқариб, уйда ўтириб, вақтларини ўзлари учун фойдали машғулотларга сарфламоқда. Ўз мурожаатларида халқига, дўстларига, устозларига яхши хабарлар йўлламоқда, халқимизга ҳамдардлик ва хайрихоҳлик билдирмоқда. Бу уларнинг бугунги мураккаб вазиятдаги фаол фуқаролик позициясини ҳам англатади.
Шу боис талабалар томонидан бажариладиган назорат ишлари, малака амалиётлари белгиланган жадвал асосида, ўз вақтида олиб борилиши керак. Бунинг масъулияти ва назорати барчамизнинг зиммамиздаги масъулият.
Видеомулоқот давомида профессор-ўқитувчилар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича институт раҳбариятига мурожаат қилди. Шундай онлайн учрашувларни лозим пайтда, зарурий масалалар бўйича ташкил этишга келишиб олинди.
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.