Сенаторлар ёшлар имкониятлари ва ижтимоий лойиҳаларни муҳокама қилди

Самарқанддаги Марказий ҳарбий округда сенаторлар ҳамда фаол ёшлар иштирокида ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Унда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзоси Шавкат Шарипов ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Марьям Ниёзова, шунингдек, Ёшлар парламенти аъзолари, вилоятдаги корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ёшлар ҳамда талабалар қатнашди.

Учрашувнинг асосий мақсади ёшларда давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари, имконият ва қўллаб-қувватлаш механизмлари борасида тўлақонли тасаввур ҳосил қилиш, уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Шавкат Шарипов учрашувда ёшлар масаласи мамлакатимизда устувор йўналишлардан бири экани, ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш, уларнинг фаол ижтимоий позициясини қўллаб-қувватлаш ва соҳавий малакасига эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашувда ёшлар учун янги имкониятлар ва дастурлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Хусусан, вилоятда ёш тадбиркорлар учун махсус грантлар ва молиявий қўллаб-қувватлаш дастурлари ишлаб чиқилмоқда, олий таълим муассасалари талабалари учун стажировка ва малака ошириш лойиҳалари кенгайтирилмоқда. Ёшлар парламенти ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида ижтимоий лойиҳалар, спорт ва маданий тадбирлар ташкил этилади.Маҳаллий стартаплар ва инновацион лабораториялар ёшлар учун ишбилармонлик ва илмий-амалий тажриба орттириш имконини беради.

Учрашув сўнггида сенаторлар ёшларнинг мурожаатлари ва таклифларини диққат билан тинглаб, ҳар бир масала бўйича батафсил тушунтиришлар берди ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.