Шайбонийлар давлати, унда жорий этилган ҳуқуқлар ҳақида рисола чоп этилди

Яқинда таниқли олим, ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор Зиёдулла Муқимовнинг “Шайбонийлар давлати ва ҳуқуқи” деб номланган монографияси нашрдан чиқди.

Монография биринчи манбалар ва йирик олимларининг тадқиқотлари, ҳужжатлар тўпламлари асосида яратилган бўлиб, Шайбонийлар давлати ташкил топиши, унинг ижтимоий-сиёсий тузилишининг ўзига хос жиҳатлари, яъни дин ва давлат тасаввуф шайхлари, икки ҳокимиятчилик, марказлашган давлатнинг ер, солиқ, ҳарбий ҳуқуқларининг асосий белгилари ёритилган. 

Монографиянинг биринчи боби Шайбонийлар давлатининг ташкил топишига бағишланган. Унда Қипчоқ дашти ва Олтин Ўрда давлати, Шайбон улуси ва Абулхайрхон давлати, Темурийлар ва Шайбонийлар, Шайбонийлар давлатинининг ташкил топиши каби муҳим мавзулар аниқ манбалар асосда ёритиб берилган. Шайбонийлар давлатининг ижтимой-сиёсий тузуми деб номланган иккинчи бобида Шайбонийхон ислоҳотлари, икки ҳокимиятчилик, Абдуллахон II нинг давлатни марказлаштириш сиёсати, яъни Шайбонийхон вафотидан кейин парчаланиб кетган мамлакатни қайта бирлаштириш, марказий давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун ёшлик чоғидан қаттиқ курашларга киришгани, фақат ўз мулки бўлган Мовароунаҳарнигина эмас, Хоразм ва Хуросонни ҳам бирлаштира олган, кучли ҳокимиятни яратиб, ҳарбий шон-шуҳратга эга бўлганлиги ҳақида манбалар асосида ва тарихчи олимларнинг Абдуллахонга берган баҳоларига таянган ҳолда унинг ислоҳоти ёритиб берилган.

Монографиянинг учинчи боби ҳуқуқнинг манбалари ва асосий белгиларига қаратилган бўлиб, мусулмон ҳуқуқи, сунний мазҳаби асосида яратилган ҳуқуқий қўлланмалар, Маъсуд ибн Маҳмуд Самарқандийнинг “Салоти Масъудай”, Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”, туркий халқлар орасида мавжуд бўлган ҳуқуқий одатлар, Чингизхон ва унинг давридан сақланиб қолган Ясо ва Юсун каби манбалар ҳақида батафсил тушунча берилган.

Шайбонийлар даврида илм, фан ва маданият деб номланган тўртинчи бобида ўзбек давлатчилиги тарихида Шайбонийларнинг ҳокимият тепасига келишлари билан илм, фан, маданият, бунёдкорлик жуда ҳам ривожланганлигини Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва шу каби худудларда дарёлар устига қурилган кўприклар, масжидлар ва мадрасалар ҳақида маълумотлар берилган. Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, Зиёдулла Муқимов Шайбонийлар сулоласининг моҳир жангчи, давлат арбоби каби маҳоратга эга бўлганлиги билан бир қаторда ажойиб қалам соҳиби бўлганликлари ҳақида алоҳида тўхталган. Шу билан бирга, Шайбонийлар давлатида давлат тили ўзбек тили эканлигига ҳам урғу берганлиги фактлар асосида ёритилган.

Монографиянинг бешинчи боби дашт ўзбеклари ва ўзбекларга бағишланган бўлиб, ўзбеклар ва ўзбек атамаси ҳақидаги Мирзо Улуғбек, Абулғози Баҳодирхон, Ҳерман Вамбери, И.Бартольд, Б.Аҳмедов, А.Асқаров ва бошқа олимларнинг “ўзбек” атамасига бўлган фикрлари таҳлил қилинган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, З.Муқимовнинг Муҳаммад Шайбонийхоннинг ҳаёти ва фаолиятини тарихий фактларга таянган ҳолда изчил ўрганиб ёзган бу китоби узоқ йиллар қилинган меҳнат самарасидир. Муҳими, “Шайбонийлар давлати ва ҳуқуқи” асари кўп сонли зиёлиларга, тарихчи, ҳуқуқшунос ва филолог олимлар, магистрлар, доктарантлар ва илмий ходимларга жуда асқотади. 

Мусо Йўлдошев,

Самарқанд давлат университети профессори.