Соломон оролларида дастлабки коронавирус ҳолати қайд этилди

Бу ҳақида 3 октябрь куни мамлакат Бош вазири Манассе Согаваре маълум қилди. 

“Энди бизда ҳам COVID-19 ҳолати мавжуд. Касалланган – Филиппиндан учиб келган талаба. Менга буни айтиш оғир, биз коронавирусдан холи давлат статусини йўқотдик”, - деди Согаваре ўтказилган матбуот анжуманида. 

Маълум қилинишича, инфекция талаба мамлакат пойтахти Хониаруга учиб келганидан сўнг, одатий тест таҳлили вақтида аниқланган. Шу билан бирга, беморда коронавирус белгилари кузатилмаган. Бош вазирнинг сўзларига кўра, талабанинг Соломон оролларидан кетиш вақтида топширган тест таҳлилида COVID-19 аниқланмаган. 

Айни вақтда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги бемор билан мулоқотда бўлган одамлар рўйхати шакллантирилмоқда. Согаваре ҳозирча мамлакатда карантин жорий этилиши тўғрисида сўз бормаётганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 4 октябрь ҳолатига дунё бўйича коронавирус билан зарарланганлар сони 34,7 миллиондан зиёд, ушбу инфекция туфайли вафот этганлар эса 1 миллион 35 минг нафарга яқин.