Субсидия: Уй-жойга муҳтожлар учун имконият(ми?)
Президентимизнинг 2024 йил 30 апрелдаги “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан жорий йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Фармон асосида 2024 йил вилоятимизда 11300 хонадондан иборат кўп қаватли уй-жой қурилади. Шундан 105 та уй-жой бўйича 6532 та хонадон янги тартиб асосида қурилаётган массивларда бўлса, 77 та уй-жойда 4768 та квартира "Янги Ўзбекистон" массивларида қурилмоқда.
Фармонга кўра, жорий йилда вилоятимизга жами 2760 та, шундан янги уй- жойлар сотиб олиш учун 2260 та субсидия ажратилиши ва 500 та якка тартибдаги уй- жойни реконструкция қилиш учун (камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга маҳалла еттилиги хулосаси асосида) субсидия ажратилиши белгиланган (субсидия хабарномаларининг амал қилиш муддати 4 ой). Ижобий хулоса олган фуқаролар шу 4 ой ичида оладиган уй-жойи бўйича шартнома тақдим қилмаса ёки белгиланган миқдорда бошланғич бадални тўламаса, субсидиядан фойдаланиш имкони тўхтатилади.
2024 йил учун ипотека кредитлари бўйича субсидия ажратишга аризалар 15 майдан 1 ноябргача қабул қилинади ва бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори 330 миллион сўмни ташкил этади. Бошланғич бадалнинг қатъий белгиланган миқдори 30 миллион сўм. Шу билан бир қаторда субсидия асосида ажратилган ипотека кредитларининг фоизларининг 12 фоиздан ошган қисми 5 йил мобайнида қоплаб берилади.
15 майдан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг аризаларни қабул қилиш бўйича платформаси ишга туширилди. Тартибга кўра, эндиликда ҳар бир туман ва шаҳар учун лимит белгиланмайди, лимит фақат вилоят учун белгиланади. Ижобий хулоса олган фуқаро вилоятнинг ўзи хоҳлаган ҳудудидан квартира олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ариза бериш жараёнида фуқаролардан асосан дастурий тизим фаолияти билан боғлиқ (тизимдаги аризаларни кўриб чиқилиши, субсидия бўйича рад хабарномалар чиқиши, квартира топа олмаётганлиги, банклар томонидан аксарият ипотека кредитларини ажратилмаётганлиги, етарли балл тўплаш имкони бўлмаётганли ва ҳоказолар бўйича) саволлар келиб тушмоқда.
Субсидия асосида ипотека кредитларини ажратиш бўйича дастур автоматлаштирилган скоринг тизимига асосланган ва бу тизимда инсон омили минималлаштирилган. Бунда my.gov.uz платформасида фуқаронинг шахсий кабинетидаги маълумотлар асосида автоматлаштирилган скоринг тизими баҳолайди. Автоматик скоринг тизими берилган аризаларнинг кетма-кетлиги асосида баҳоланади ва субсидия комиссияларига тасдиқлаш учун юборилади. Агарда фуқаронинг шахсий кабинетидаги маълумотлар тўлиқ бўлмаса, скоринг тизими томонидан зарур баллар қўйилмаслиги мумкин.
Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг ойлик иш ҳақлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан оз ва 8 бараваридан кўп бўлганда скоринг тизими томонидан балл қўйилмайди.
МҲТ энг кам миқдорининг 2.7 бараваридан 7 бараваригача 10 балл,
МҲТнинг энг кам миқдорининг 7 бараваридан 7.5 бараваригача 6 балл,
МҲТнинг энг кам миқдорининг 7.5 бараваридан 8 бараваригача 2 балл қўйилади. Бундан ташқари, агарда кадастр хизмати базасида фуқаронинг уй жойи мавжуд бўлса, бу ҳолда ҳам скоринг тизими орқали фуқаро аризасига балл қўйилмайди.
Агарда скоринг тизими томонидан фуқаронинг бошқа кўрсаткичлар асосида етарли 30 балл шаклланган тақдирда ҳам иш ҳақи ёки кадастр маълумотлари асосида балл қўйилмаса ҳам субсидия хабарномалари чиқарилмайди.
Фуқароларга ажратилган субсидия хабарномалари тижорат банкларидан ипотека кредитлари ажратиш учун асос ҳисобланмайди. Чунки фуқаро уй-жой топа олмаса, салбий кредит тарихига эга бўлса, тижорат банклари томонидан ипотека кредитлари ажратилмайди.
Шуни таъкидлаб жоизки фуқаролар ариза беришдан олдин ўзларининг шахсий кабинетларидаги маълумотларини яна бир бор кўриб чиқиб маълумотлар тўлиқлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ариза беришлари лозим.
Жорий йилнинг 10 июнь ҳолатига платформада 20 577 та ариза қайд этилган бўлиб, шундан 2 260 таси бўйича ижобий қарорлар қабул қилинган ҳолда 2024 йил учун белгиланган лимит тўлиқ шаклланган.
Шохруҳ ЭШҚУВАТОВ,
вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шуъба бошлиғи.
***
P/s: Аслида эҳтиёжманд оилалар учун Самарқанд шаҳридан субсидия асосида уй-жой ажратиш бошланган бир неча йил олдинги режага кўра, шаҳарни миллионли шаҳарга айлантириш ғояси ҳам кўзланган эди. Аммо субсидияга уй-жой берилган Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивидаги кўп қаватли уйларнинг каттагина қисмида ҳамон бўш уйларни кўриш мумкин.
Шу ўринда бир маълумотни айтиб ўтсак. Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Ушбу қарорга асосан 2022 йил 1 июлда вилоят ҳокимининг ҳам қарори қабул қилинган. Мазкур қарор вилоятда оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, журналистика соҳасини ривожлантиришга қаратилган. Жумладан, қарорнинг 5-бандида эҳтиёжманд ва фаол журналистларни ипотека кредитлари ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар асосида уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш чоралари келтирилган. Аммо, орадан икки йил ўтди ҳамки мазкур банднинг ижроси эътибордан четда қолмоқда.