Табиат тақвимининг Янги йили: Наврўз кунлари фаришталар ерга тушиб, одамларга яхшилик ва фаровонлик улашади

Шарқда Наврўз байрами 21 март - табиат уйғонаётганда, кун тун билан тенглашганда, янгиланиш барқ урганда нишонланади. Сабаби, шу куни янги Қуёш туғилади, Ер уйғонади.

Наврўзни байрам сифатида нишонлаш инсониятнинг энг қадимги, деҳқонлар орасида Қуёшга сиғиниш эндигина пайдо бўла бошлаган даврга бориб тақалади. Манбаларда келтирилишича, милоддан аввалги 648-330 йилларда аҳамонийлар империясида Наврўз зардуштийликнинг диний байрами мақомини олган.

БМТ 21 мартни «Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилган

Наврўз маданий хилма-хиллик ва халқлар, турли жамиятлар ўртасидаги дўстликни тарғиб қилганлиги сабабли уни нишонлаш ЮНЕСКО мандатига мос деб топилган. Хусусан, 2003 йилги Номоддий маданий-меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, 2009 йилда Наврўз инсониятнинг номоддий-маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилган.

2010 йилда БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясида 21 март "Халқаро Наврўз куни" деб эълон қилинди. Бу Наврўзни нишонлаётган давлатларнинг ушбу кун билан боғлиқ маданият ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни олқишлайди.

Наврўз янги йил бошланиши, давлат байрами сифатида нафақат Ўзбекистон, балки Эрон, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Албания, Ироқ Курдистони, Ҳиндистон, Македония, Туркияда, Россиянинг жанубида - Татаристон, Бошқирдистонда кенг нишонланади.

Яхшилик уфурган анъаналар

Наврўзни нишонлаш анъаналари унинг кўп асрлик тарихи давомида деярли ўзгармаган. Барча мамлакатларда байрамга олдиндан пухта тайёргарлик кўрилади: уй, ҳовли ва кўчаларда умумий тозалаш ишлари бажарилади, баъзи халқларда уйга гуллаган дарахт новдалари қўйилади, янги кийим кийилади, байрамона миллий таомлар тайёрланади. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни, кексалар ва беморларни зиёрат қилиш, халқ сайиллари, байрам бозорлари, спорт мусобақалари ташкил этиш, кўчатлар экиш, дала ишларини бошлаш одат тусига кирган.

Қадимги маросимга кўра, янги йилда биринчи ниҳол ҳудуднинг энг кекса ва ҳурматли аъзоси томонидан қадалади. Шу кунларда оқсоқол, ота-она ва устозлар дуосини олиш жуда муҳим. Бундан ташқари, халқлар орасида бир қадимий афсона бор: Наврўз кунлари фаришталар ерга тушиб, одамларга яхшилик ва фаровонлик улашади. Аммо улар фақат тинчлик ва тотувлик ҳукм сурган уйга киришади. Шунинг учун одамлар меҳрини дариғ тутмай, адоват ва гина-кудуратни унутишга, бир-бирининг айбини кечиришга ҳаракат қилиши керак.

Наврўзда ҳар бир қалб ўзининг чин илдизларига, табиатга ошиқади, ҳар бир яшил майса, ўрмалаб чиққан ҳашаротга қувонади, бутун қалби билан яшнаётган ҳаётни севади. Олам эса гулга, ифорга, завққа тўлиб бораверади.

Интернет маълумотлари асосида Г.Холдорова тайёрлади.