Тоғнинг эгаси йўқми?
Бутун дунёдаги каби юртимизда ҳам табиатни муҳофаза қилишга катта эътибор берилмоқда. Бу борада тегишли қонунлар, қонуности ҳужжатлар қабул қилинган. Аммо улар ижроси ҳамма жойда ҳам кўнгилдагидек эмас. Шу кеча-кундузда тоғларимизга чиққан киши аянчли манзаранинг гувоҳи бўлади. Илгари кўзни қувонтириб турган лолазор, андиз, коврак, наъматак, дўлана, тоғолча ва бошқа доривор гиёҳу бута-дарахтлар кескин камайиб кетган. Назоратсизликдан ҳатто харсанг тошлар ҳам омон қолмаяпти. Атрофни сайроқи қушлар овози эмас, болта, гурзи шовқини эгаллаган.
…Ўтган йили бир юмуш билан Жом қишлоғига тоғ даралари оралаб боришимга тўғри келди. Иброҳим ота қишлоғи булоғи бошидан Жом қишлоғига боргунимча тоғ тошини гурзи билан майдалаб, машиналарга ортиб кетаётган 10-15 гуруҳ кимсаларга дуч келдим. Салом-алик, ҳорманг-бор бўлинг баҳонасида улар билан суҳбатлашиб табиатни оёқости қилиш қонунга хилоф, гуноҳ эканлигини тушунтирмоқчи бўлдим.
– Нима қилайлик? – деди бири. – Биз ҳам яшашимиз керак. Иш йўқ. Туман ҳокимига етти-саккиз километр пастликда Эски Анҳор канали ёқасидан 10-15 сотих ер беринг, томорқали бўлайлик деб мурожаат қилдик, инобатга олмади.
Ким билади, тоғни вайрон қилаётганлар ҳақдир. Лекин кишини бошқа нарса – лоқайдлик, масъулиятсизлик ўйлантиради. Маҳалла-кўй, табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари нега табиатни ғорат қилишга жим қараб туришибди? Нима, Нурободда тоғларнинг эгаси йўқми?
Файзи бобо ТОШПЎЛАТОВ,
фахрий ўқитувчи, Нуробод тумани.