Тоқаев Қозоғистоннинг Россия ва Беларус иттифоқига қўшилиши борасидаги таклифни ҳазил сифатида қабул қилди

Қозоғистон Россия ва Беларус иттифоқ давлатига қўшилиши шарт эмас, деди республика президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев матбуот хизмати орқали.

"Куни кеча Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко Қозоғистонга Иттифоқ давлатига киришни таклиф қилди. Мен унинг ҳазилини юқори баҳоладим. Менимча, бунга ҳожат йўқ, чунки бошқа интеграцион бирлашмалар, биринчи навбатда, Евроосиё Иқтисодий иттифоқ (ЕОИИ) мавжуд”, - деди Тоқаев.

"Ядро қуролига келсак, бизга улар керак эмас, чунки биз Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ва Ядро қуроли синовларини тақиқлаш тўғрисидаги шартномага қўшилганмиз. Биз ушбу халқаро ҳужжатлардаги мажбуриятларга содиқ қоламиз", - дея қўшимча қилди президент.

24 май куни Москвада бўлиб ўтган ЕОИИ йиғилишида Тоқаев ҳамкасбларини Россия ва Беларус вакили бўлган иттифоқ давлати иштирокида Ташкилотдаги ҳамкорликнинг “нозик масаласи”ни муҳокама қилишни таклиф қилди.

"Бизда ЕОИИда Иттифоқ давлати мавжуд, яъни жаҳон сиёсий тарихида ўзига хос прецедент ёки феномен, формула бўйича давлатнинг яратилиши: икки мамлакат - ягона ҳуқуқий, сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, валюта, маданий-гуманитар макон. Ягона иттифоқ ҳукумати ва ягона иттифоқ парламенти билан. Кечирасиз, ҳатто ядровий қурол ҳам ҳозир битта. Қозоғистон, Арманистон вакили, Қирғизистон томондан т ақдим этилган интеграциянинг яна бир даражаси бор. Ва биз бу ҳақиқатни, бундай шароитда қандай ишлашимизни ҳисобга олишимиз керак, деганди Қозоғистон президенти.

Кейинчалик Лукашенко Қозоғистон ва бошқа постсовет маконидаги мамлакатларни ядровий қуролга яқинроқ бўлиш ва ундан фойдаланиш имкониятига эга бўлиш учун Беларус ва Россия иттифоқига қўшилишга таклиф қилган.