Трамп Чикагодаги вазиятни Афғонистондан ҳам ёмон деб атади
АҚШ Президенти Доналд Трамп Чикагода рўй бераётган тартибсизликларни Афғонистондаги вазиятга таққослади ва бунда демократик партияни айблади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Журналистлар билан бўлган суҳбатда бир қатор штатларда давом этаётган оммавий тартибсизликларга изоҳ бериб, маҳаллий қонунчилар кучсиз ва намойишчилардан қўрқаётганини, шу сабабдан ҳам уларга тинчликни сақлашни таъминлашга ёрдам беришдан бош тортаётганини таъкидлади Трамп.
“Чикаго ҳақида нима деб ўйлайсиз? Дам олиш кунларидан сўнг уларга ёрдам керакми? У ердаги рақамлардан хабарингиз борми? Кўплаб одамлар жароҳатланган, кўплари ўлдирилган. Мен бир-икки киши ҳақида гапирмаяпман – 18 киши ўлдирилган! Фикримча, ундан ҳам кўп. Ёз ойлари давомида бу кўрсаткич нечтага етади? Бу ҳеч шубҳасиз, Афғонистондан ҳам ёмон”, деди АҚШ раҳбари.
У Чикаго каби шаҳарларни “ўша либерал демократлар” бошқараётганини ва агар навбатдаги АҚШ президентлиги учун ўтказиладиган сайловда ўша партия номзоди Жо Байден ғалаба қозонса, бундай ҳолат бутун мамлакатни қўршаб олишини қўшимча қилди.
“Бутун мамлакат дўзахга равона бўлади. Бироқ биз бундай бўлишига йўл қўймаймиз”, деб таъкидлади Трамп.
Америка ва бошқа мамлакат шаҳарларидаги намойишлар ва тартибсизликлар афроамерикалик Жорж Флойднинг полициячи қўлида вафот этганидан сўнг бошланди ва бугунги кунга қадар давом этмоқда.