Трамп ва Байден ўртасида дастлабки дебат қўпол “сийлов” билан ўтди
АҚШ президенти, республикачи Дональд Трамп ва унинг сайловлардаги рақиби, демократчи Жо Байден Огайо штати Кливленд шаҳрида бўлиб ўтган баҳсда тўқнаш келди. Баҳс муросасиз муҳитда бўлиб ўтди. Номзодлар доимий равишда тортишиб турди ва илгари кузатилмаган қўпол ибораларни ишлатди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
“Ҳой йигит, овозингни ўчир”, “Сени ёлғончи эканингни ҳамма билади”, “Аккилашда давом этавер”, каби сўзлар билан Байден ўз рақибини сийлади. Шунингдек, у Трампни “масхарабоз”, “Путиннинг лайчаси” ва “ирқчи” деб атади. Бунга жавобан Трамп ҳам бўш келмади, у Байденда “ҳеч қандай ақл йўқ”лигини ва у ҳар доим “иккинчи рақам остида” бўлишини таъкидлади.
Номзодлар бир-бирини ёлғончиликда айблади. Бошловчи Крис Уоллес мунтазам улардан саволларга жоваб беришларини сўради.
Амалдаги президент рақибини 180 миллион аҳолини шахсий суғуртадан маҳрум қилиш истаги борлигида айблади. Бунга жавобан Байден Трампни коронавирус олдида таҳликага тушиб қолганликда айблади ва Оқ уй раҳбарининг ҳозиргача COVID-19 билан кураш олиб боришда режаси йўқлигини таъкидлади.
Демократлар номзоди етти миллион иш ўрни яратишга ва иқтисодий ўсишни яна триллион долларга кўтаришни ваъда берди. Трамп унинг президентлик даврида иқтисодиёт “тарихдаги энг буюк” даражада бўлганини, бироқ “Хитой вабоси” – коронавирус унга зиён етказганини таъкидлади.
Трамп ва Байден ўртасида яна икки марта дебатлар ўтказилади. АҚШ президентлиги учун сайловлар 3 ноябрь санасида бўлиб ўтиши кутилмоқда.