Уч авлод учрашуви ёшларга нима беради?

Самарқанд шаҳрида ўтказилган уч авлод учрашувида вилоятнинг барча шаҳар ва туманлардан нуронийлар, ўрта авлод ва ёшлар вакиллари қатнашди.

Дастлаб улар иштирокида ''Боқий шаҳар'' мажмуасига саёҳат уюштирилди. Шундан сўнг Самарқанд шаҳрида бир пиёла чой устида маданий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Нуроний жамғармаси республика бошқаруви раиси ўринбосари Мажид Умаров, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ҳақида гапириб, уларни вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида янада фаол бўлишга чақирди.
- Биз буюк зотлар авлодимиз, - деди меҳнат фахрийси Алишер Мардиев. - Уларга муносиб бўлишимиз керак. Миллий қадриятларимиз, анъаналарга содиқ қолишимиз лозим. Айрим мамлакатларда қўшнилар бир-бирини танимайди. Биз меҳр-оқибатли халқмиз. Уч авлод вакиллари бирлашсак, хайрли ишларга қўл урсак, ривожланиш бўлади, ватан равнақ топади.

Тадбирда вилоятимизда яшаб ўтган давлат арбоблари, таниқли шахслар ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги хужжатли фильм намойиш этилди.
- Бизда шижоат бор, аммо тажриба етарли эмас, - дейди Жомбой тумани Қанғли маҳалласи ёшлар етакчиси Миржалол Темиров. - Бундай учрашувлар биз учун тажриба мактаби бўлади. Бугунги тадбирдан ўзимга керакли хулосани чиқардим. Маҳаллада кўпни кўрган онахон ва отахонлар билан ҳамкорликда кўпроқ ишлашим кераклигини англаб етдим.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги томонидан бир гуруҳ фаол нуронийларга эсдалик совғалари топширилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ (фото).