Вилоят судлари раислари Қўшработ туманида сайёр қабул ўтказди

Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси вазифасини бажарувчи Р.Очилов Қўшработ туман Халқ қабулхонасида сайёр қабул ўтказди.

Қабул давомида 30 дан ортиқ фуқаро ўз муаммоларига ечим истаб мурожаат қилди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилди, жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Айримлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шова қишлоғида яшовчи М.Пардаева айни пайтда озодликни чеклаш жазосини ўтаётгани, қилмишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги, содир қилган жиноий қилмишидан хулоса чиқарганлигини билдириб, вилоят суди раисидан жазонинг қолган қисмидан озод қилишни сўради.

Тепали қишлоғилик С.Қўшниёзов ва Бойтўп қишлоғида яшовчи  Ш.Худойбердиевнинг ҳам мурожаати шу мазмунда бўлиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг қолган қисмидан озод қилишни сўради.

Шу ерда жиноят ишлари бўйича Қўшработ тумани судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилиб, мазкур мурожаатлар қаноатлантрилди.

Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.