Дунёдаги энг хавфли хакерлар ва улар томонидан уюштирилган ҳужумлар
Сўнгги йилларда ОАВда хакерлар ҳужуми ибораси тобора кенг қўлланилмоқда. Интернет имкониятларининг ривожланиши билан жиноятнинг янги тури - хакерлар ҳужуми ҳам ривожланиб бормоқда. Кўпгина ташкилотлар ва давлат идоралари кибер ҳужумдан сақланиш мақсадида интернет маълумотларини энг замонавий ҳимоя тизимлари билан ҳимоялашмоқда. Бироқ шу билан бирга хакерлар фаолияти ҳам жадаллик билан ривожланмоқда ва улар энг мураккаб ҳимоя тизимларини ҳам бузишнинг уддасидан чиқишаётир.
Эътиборингизга дунёдаги энг хавфли хакерларни ҳавола этамиз.
Лойд Блэнкеншип - “Устоз”
Лойд Блэнкеншип Legion of Doom номли хакерлар гуруҳи аъзоси бўлган. “Устоз” тахаллуси билан машҳур бўлган Лойд Блэнкеншип ўтган асрнинг 80-йиллари ярмида Федерал қидирирув бюроси томонидан ҳибсга олингандан сўнг “Хакер қонуни” номли китоби орқали танилди. Қонунда хакерларнинг ягона жинояти уларнинг жудаям қизиқувчанлиги, дея таъкидлайди у. Бу китобда Лойд ўзига яраша хакерлар қонунини яратди. Унда таъкидланишича, хакерлар диний, сиёсий ва ирқий мансублигидан қатъи назар бир мақсадни кўзлашлари керак – маҳфий маълумотни қўлга киритиш. Мазкур китоб дунё хакерлари орасида ўзига яраша “Инжил” вазифасини бажаради. Ҳозирги замон хакерлари ҳам, ҳақиқий афсонага айланган “Устоз”нинг битикларига амал қилади.
Майкл Кальс
Ушбу хакер Mafiaboy тахаллуси билан машҳур. У Yahoo, FIFA, eBay ва Amazon каби йирик ташкилотлар сайтларига кибер ҳужумлар уюштирган. Майклнинг болалиги оғир ўтган. Бўлажак хакер ўзининг ягона овунчоғига айланган компьютер билан 6 ёшида дўстлашган. Кейинчалик “Мафиячи”, “Rivolta” кибер ҳужумларини ташкиллаштирди. Кейинчалик унинг “Мафиячи” гуруҳи бутун дунё хакерлари ҳурматига сазовор бўлди. Mafiaboyнинг таъкидлашича, “Rivoltа” ҳужуми вақтида у фақат Yahoo тизимини ишдан чиқаришни режалаштирган. Бироқ мактабга кетганида у фаоллаштирган дастур Yahoo билан бир қаторда FIFA, eBay, Amazon ва бошқа йирик ташкилотларнинг ҳам тизимини ишдан чиқарган.
Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ходимлари Mafiaboyни “муаллиф”нинг эҳтиётсизлиги туфайли аниқлашди. Чатларнинг бирида у қилган “шўхликлари” ҳақида мақтанган ва бу ҳолат ФҚБ ҳодимларини беэътибор қолдирмаган. Майкл Кальс қилган “шўхлик”ни катта одам қилганида унга бу жинояти учун 1,2 миллиард АҚШ доллари қийматида жарима ва узоқ йиллик қамоқ жазоси тайинланарди. У эса бор-йўғи шартли жазо ва узоқ йиллик компьютерга яқинлашишни таъқиқловчи жазо билан қутулиб қолди.
Жонатан Жеймс
Жонатан Жеймс балоғат ёшига етмасдан қамоқ жазосини олган биринчи хакер ҳисобланади. У 15 ёшида NASA тизимини бузиб, у ердан 1,7 миллион АҚШ долларига тенг дастурларни ўғирлаган. Тасаввур қилиб кўринг, 15 ёшли болакай дунёнинг энг ҳимояланган тизимларидан бирини буза олган! Жазо ҳукми эълон қилинган вақтда у энди 16 ёшга тўлган эди. Йигитча жудаям махфий бўлган ҳимоя кодларини ўғирлаган. Уни 10 йиллик қамоқ жазосидан ёш бола эканлиги сақлаб қолди. Ёши катта жиноятчи шу ишни қилганида аҳволи анча ачинарли бўларди. Фожианинг олдини олиш учун NASA раҳбарлари тизимни бутунлай ўчириб, таъмирлаш ишларини олиб боришга мажбур бўлишган.
Адриан Ламо - “Бошпанасиз хакер”
“Бошпанасиз хакер” тахаллусини у деярли барча ҳужумларни интернет-кафелардан, кутубхоналардан ёки интернетга уланишнинг имкони бўлган бошқа жамоат жойлардан амалга оширгани учун олган. 2003 йилда у New York Times, Yahoo, Microsof, TopCafe.su ва бошқа ташкилотларнинг сайтларини бузганидан кейин бутун дунёга машҳур бўлди. Шунингдек, у WikiLeaks сайтига АҚШнинг махфий ҳарбий маълумотларини сотаётган Брэдли ёки Челси Мэннингнинг кимлигини Америка ҳукуматига фош қилиб берди.
Ламо “ҳамкасблари”нинг фикрига кўра, у ҳужумларни фақат шон-шуҳрат орттириш мақсадида уюштирган. Ҳар янги ҳужумдан кейин у ўз “жабрланувчилари”га уларнинг хавфсизлик тизимидаги камчиликлар ҳақида маълумот қолдирган. Лекин раҳмат эшитмади. NY Times нашри уни судга берди ва судда ютиб чиқди. Ламога 65 000 доллар жарима ва уй қамоғи жазоси тайинланди. 2018 йилда Ламонинг отаси ижтимоий тармоқда ўғлининг вафот этгани ҳақида хабар берди. Ўлимни тасдиқловчи ҳеч қандай исбот ва далиллар йўқлиги туфайли Ламонинг аслида ўлмагани ҳақидаги миш-мишлар кенг тарқалган.
Кевин Митник
Кевин – хакерлар оламининг ҳақиқий афсонаси. У ўзининг илк қонунбузарлигини ўтган асрнинг 70-йилларида автобус чиптаси муддатини ноқонуний узайтириб содир этган.
1983 йилда 20 ёшли Кевин Митник АҚШ Мудофа вазирлигининг ҳимоя тизимини бузди ва Пентагоннинг махфий маълумотлари сақланадиган серверига кириш имконини қўлга киритди. Бундан ташқари, у уюштирган телефон алоқаси билан боғлиқ бир қанча жиноятлар уни хакерлар ичида энг буюги деб аташларига сабаб бўлди.
АҚШ жиноятчилик департаментининг маълумотига кўра, Кевин энг хавфли хакерлардан бири ҳисобланади. У бутун мамлакатнинг маълумотлар базасини ишдан чиқарган. Шунингдек, АҚШ компьютер хавфсизлигига жавобгар бўлган Цутома Симомуранинг компьютерига ҳужум уюштирган. Бу қилмишидан кейин у 2 йил қочқинликда юришга мажбур бўлди. АҚШ фуқароларининг барчаси кредит карточкаларидан пул олиш имконияти борлигига қарамасдан, у ўз фаолияти давомида бир цент ҳам ўғирламаган. Митник қўлга олингандан сўнг 4 йил қамоқда ўтириб чиқди. Бир қанча муддатга унга компьютер ва телефонга яқинлашиш тақиқланди. Тақиқ муддати тугагандан сўнг у компьютер хавфсизлиги маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқда.
Гэри Маккиннон
Гэри АҚШ ҳарбий бўлимининг компьютерларига ҳужум уюштирган ва шу билан АҚШ ҳарбий кучларига жиддий зиён етказган. Айтишича, у фақат Номаълум учар жисмлар (НУЖ) ҳақида ва бутун инсониятга фойдаси тегиши мумкин бўлган махфий маълумотлар излаган. Бунинг учун шотландиялик хакер NASAнинг барча ҳимоя тизимларини бузиб чиққан ва 2 мингдан ортиқ компьютерни ишдан чиқарган. 24 соат мобайнида космик станциянинг расмий сайтидан унинг “Сизнинг ҳимоя тизимингиз сафсата”, деган ёзувини олиб ташлашнинг имкони бўлмаган ва бу ҳолат АҚШ ҳарбийларининг жаҳлини чиқарган.
Маккинноннинг жиноят иши ҳозирги кунга қадар ниҳоясига етказилмаган. Чунки АҚШ ҳукумати унинг экстрадиция қилинишини талаб қилмоқда. Буюк Британия ҳукумати дастлаб уни экстрадиция қилинишига розилик берди. Бироқ улар хакерни фақатгина Буюк Британияда суд қилишни талаб қилишган. Айрим маълумотларга кўра, АҚШ суд тизими унга нисбатан ҳукмни тайёрлаб қўйган, ҳукмга биноан Гэри террорчилар ва ҳарбий жиноятчилар сақланадиган дунёнинг энг хавфли қамоқхоналаридан бири – Гуантанамо қамоқхонасида 70 йил қамоқда ўтириши керак.
Валдира де Алмейда
2005 йилда 18 кишидан иборат спам хатлар жўнатадиган гуруҳ етакчиси Валдира де Алмейда қўлга олинди. Ишонувчан фойдаланувчилар компьютерларига юборилган спам хатлар ёрдамида Валдира 40 миллион АҚШ долларига тенг маблағ ишлаб олган. У дунёга “энг машҳур спамчи” бўлиб танилди. Чунки у ҳар куни 3 миллионта ҳат жўнатган.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.