Худойназар Юнусов: “Институт ўзини ўзи молиялаштира олади”
Кейинги йилларда олий таълим муассасаларида самарали ислоҳотлар олиб борилмоқда. Қайта ислоҳ қилинган институтлардан бири Самарқанд ветеринария медицинаси институтидир. Хўш, бу институтда қайси мутахассисликлар тайёрланади? Унда таҳсил олган соҳа мутахассисларига эҳтиёж қанча? Шу каби саволларга институт ректори Худойназар Юнусов жавоб берди.
- Худойназар Бекназарович, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти Самарқанд ветеринария медицинаси институти номини олди. Амалда нима ўзгарди?
- Самарқандда чорвачилик, паррандачилик, ветеринария соҳалари олдиндан ривожланиб келган. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги йўналишларни қайсидир институтда ривожлантириш мақсадида Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини Самарқанд ветеринария медицинаси институтига айлантирдик. Ветеринария соҳасини ривожлантириш учун институт янгидан ислоҳ қилинди. Мана икки йилдан буён институт тизими тубдан ўзгарди. Институтга қўйилган талаблардан бири рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш. Шу соҳадаги мутахассисларни илмий ривожланишини таъминлаб бериш. Жаҳондаги ривожланган институтларга етиш ва қачондир улардан ўтиш мақсадида олдимизга катта режаларни қўйганмиз. Икки йил ичида 40 та мамлакатнинг 84 олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик. Улар билан тажриба алмашиб келмоқдамиз. Самарқандда ветеринария соҳасини ривожлантириш йўлида анча ишларни режалаштирганмиз ва уларни босқичма-босқич бажараяпмиз. Яқин 4-5 йил ичида кутилган натижага эришамиз.
- Бу йилги квоталарда қандай ўзгариш бўлиши кутилмоқда?
- Ўтган 2019-2020 ўқув йилида 1400 нафар талабани ўқишга қабул қилган бўлсак, янги ўқув йили учун институт Нукус ва Тошкент филиаллари билан биргаликда 2522 та квота ажратилди. Бу дегани, ўтган йилгига нисбатан мингдан ортиқ талаба қабул қилиш арафасидамиз. Юртимизда ветеринария, биотехнология, зооинженерия соҳаларига бўлган эҳтиёжнинг кўплиги боис квоталар сони ўтган йилгига нисбатан бу йил анча ошди. Институт корхона, ташкилот ва туманларда мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ўрганиб чиқди. Шу асосда квоталар миқдорини ошириш бўйича таклиф билдирди. Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кўриб чиқиб, тасдиқлади. Шунингдек, кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, институтда иқтисодиёт (қишлоқ хўжалигида), бухгалтерия ҳисоби ва аудит (қишлоқ хўжалигида), технологик жараёнлар, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (қишлоқ хўжалигида) йўналишларини очдик.
- Институтда етук мутахассис кадрлар етарлими?
- Икки йил давомида чет эл олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар малакасини ошириш билан ишладик ва бу ишлар ҳалиям давом этмоқда. Бир сўз билан айтганда, мутахассис кадрлар етарли. Фақат уларни янада малакасини ошириш керак. Пандемия шароитида чет эл профессор-ўқитувчилари институт ўқитувчиларига масофадан дарс ўтди. Ўзаро фикр алмашди ва бундай самарали ҳамкорлигимиз давом этмоқда. Ўз мутахассисларимизни қанча чет давлатларга юбориб, улардан тажриба алмашсак, етук кадрларга бўлган талаб қондирилади.
- Институт битирувчилари ишга жойлашишда муаммоларга дуч келмаяптими?
- Институтга қабул қилинган магистрларимиз бу йил битиряпти. Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси 47 та магистрнинг ҳар бири учун иш жойлари ҳозирлаб, келишларини кутиб турибди. Яна икки йилдан кейин бакалаврларимиз ҳам мутахассис бўлиб чиқади. Улар ҳам ўз соҳасида иш топишда қийналмайди. Сабаби, айнан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик соҳаларида кадрларга бўлган эҳтиёж катта.
- Янги ўқув йили учун институт қандай режаларни амалга оширмоқчи?
- Президент қарори билан институтга 24 миллиард сўм пул ажратилди. Биз бунга 4 қаватли янги ўқув биноси қурдик ва жиҳозладик. Унда замонавий лаборатория хоналари, аудиториялар, ўқув заллари мавжуд. Насиб бўлса, янги ўқув йилига бино фойдаланиш учун топширилади. Янги бинода икки факультет талабалари таҳсил олади. Бундан ташқари, талабаларни амалиётга олиб чиқиш учун 3 та автобус берилди.
Олдимизга қўйган ишларимиз талайгина. Масалан, таълим кластер ташкил қилишни режалаштираяпмиз. Таълим кластери, қисқача айтганда, аниқ тизим асосида ишлайдиган, яъни мувофиқлаштирилган янги структурадир. Бунда ўқув жараёнлари, малака амалиёти ва илмий тадқиқот ишлари академик лицейдан бошлаб, университетга қадар мувофиқлаштирилиб, аниқ режа асосида ҳамкорликда олиб борилади. Биз шунчаки лаборатория эмас, замонавий ва намунавий корхона қуриш ниятидамиз. 5 мингта намунавий паррандачилик корхонаси қурдирамиз. Ўша ерда талабалар ҳам ўқийди, тадбиркорлар ҳам келиб ўрганади. Қора молчилик бўйича ҳозир банк билан лойиҳа олиб бораяпмиз. Худо хоҳласа, “Бушуев” зотли 50 та Ўзбекистон шароитига мослашган сигирларни олиб келиб, институт қошида чорвачилик мажмуаси ташкил этамиз. Улардан олинадиган гўшт, сут маҳсулотларини қайта ишлаб, сотишни йўлга қўямиз. Режадаги ишларимиз амалга ошса, келажакда институт ўзини ўзи молиялаштира олади. Биз ишлаб чиқариш билан таълимни биргаликда олиб борсак, кўзлаган мақсадимизга етамиз.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА суҳбатлашди.