ЙҲХББ марҳумга нисбатан ёзилган баённомага изоҳ берди

Ижтимоий тармоқда "Фуқаронинг ўлимига 3 йилдан ошган бўлса-да, унга жарима белгиланди" сарлавҳаси остида тарқалган хабар бўйича маълумот берилди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 29 июнь куни Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳудудида ҳайдовчи, 1954 йилда туғилган Джалалов Собиржон ўзига тегишли бўлган "Матиз" русумли, 60 О 510 LA давлат рақам белгили автомобилда, йўл ҳаракати қоидаларининг 9-бандида белгиланган талабни бузган ҳолда, ҳаракат вақтида хавфсизлик камарини тақмасдан ҳаракатланган. Ҳайдовчи туман ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими С.Абдунабиев томонидан тўхтатилган ва унга нисбатан қоидабузарлиги юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Туман ИИБ ЙҲХБ маъмурий амалиёт ходими томонидан фуқаро С.Джалаловга нисбатан тузилган баённома КААТ марказлашган дастурига киритилиши вақтида ушбу фуқаро билан исм-фамилия ва туғилган йили бир хил бўлган, Самарқанд вилоятида яшаган, 1954 йилда туғилган Джалалов Собиржоннинг рўйхатда турган манзили бўйича жазо қўллаш тўғрисидаги жарима қарори чиқарилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати Самарқанд вилоятида рўйхатда турган, 1954 йилда туғилган Джалалов Собиржонга нисбатан чиқарилган қарор белгиланган тартибда бекор қилинганлигини маълум қилиб, йўл қўйилган камчиликлар учун узр сўраган.