ЙПХ инспекторига 2 миллион сўмга яқин пора берган фуқаро қўлга олинди
Жорий йилнинг 24 февраль куни Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ катта инспектори У.Эралов белгиланган тақсимот асосида Сирдарё тумани ҳудудида хизмат олиб бораётган вақтида, ҳайдовчи У.А. бошқарувидаги “Tracker” русумли транспорт воситасини ўрнатилган тартибда тўхтатган.
Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни текшириш ва мулоқот жараёнида ҳайдовчининг оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келаётганлиги маълум бўлган. Инспектор ҳайдовчини мастлик ҳолатини аниқлаш мақсадида тиббий кўрикка таклиф этган.
Тиббий кўрикдан ўтказилган вақтда ҳайдовчининг мастлик ҳолатида эканлиги ўз тасдиғини топган.
Инспектор томонидан ўрнатилган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган.
Ҳайдовчи У.А. автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ катта инспектори У.Эраловга 2.000.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф этган.
Ходимнинг билдиргисига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳайдовчи У.А. ЙПХ инспектори У.Эраловга 1.902.000 сўм пулларни пора тариқасида бераётган вақтида қўлга олинган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан ИИВ ЎХБ Сирдарё вилояти бўйича бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.