1600 доллардан 45 000 долларгача: дунёнинг энг қиммат мевалари

Баъзи қимматбаҳо мевалар ўзининг ғайриоддий шакли ёки машаққатли ўстириш жараёни туфайли юқори баҳоланади, бошқалари эса оптимал ҳажми ва вазнини белгилайдиган қатъий сифат назорати қоидалари сабабли астрономик баҳога эришади. Бугун дунёдаги энг қиммат мевалар билан танишамиз.

Ҳеллиган ташландиқ боғ ананаслари -  бир донаси 1600 доллар

Бу ананаслар Англия жанубидаги Корноулл графлиги тасарруфидаги ерларда XVIII асрдан бери ўзига хос тарзда етиштирилади. Ҳеллиган ананаслари ўсадиган тупроқни уруғлантириш учун кўп миқдордаги от гўнги, шунингдек, унга аралаштириб намланган пичан ишлатилади.

Бу қиммат мевани етиштириш учун кўп қўл меҳнати талаб этилади. Улар ўсган сари қайта экилиши керак. Мевалар оддий дўконларда сотилмайди — фақат аукционда. Донаси ўртача 1600 долларга сотиладиган бу мевани дўконларда ҳамма ҳам сотиб ололмайди-да. Шундай ананаслардан бири Елизавета II никоҳининг 50 йиллиги муносабати билан унга совға қилинган эди.

“Қуёш тухумлари” деб номланган Манго – иккитаси 3000 доллар

Бу ажойиб мевалар фақат Япониянинг Кюсю оролидаги Миядзаки перефектурасида ўстирилади. Ҳар бир меванинг вазни камида 350 грамм бўлиб, эксклюзив сотувга чиқарилиши учун унинг юқори шакар миқдори ўлчанади. Taiyo no Tamago номга эга манголар шакли ва жозибали ранги туфайли “Қуёш тухумлари” деб таржима қилинади, гўё улар харидорга “Охирги пулингизга бўлса-да, мени сотиб олинг!” деяётгандек.

Taiyo no Tamago манголари мазали бўлгани каби жуда фойдали ҳамдир: улар бета-каротин, фолий кислотаси ва антиоксидантларни ўз ичига олади. Бу эса уларни жуда қиммат бўлса-да, яхшигина пулга сотувини таъминлайди.

«Дэнсукэ» тарвузлари – бир донаси 6100 доллар

Дунёдаги энг қиммат тарвуз Хоккайдо оролида етиштирилади. Оғирлиги тахминан 11 килограммлик дэнсукэ оддий тарвуздан бироз ширинроқ. Ушбу тарвузларда оддий тарвузлар танасида учрайдиган доғлар ёки ёрқин чизиқлар йўқ, қобиғининг ранги эса қора. Уларнинг эксклюзивлиги ишлаб чиқаришнинг йилига 10 000 донадан зиёд бўлмаслиги билан боғлиқ. 2008 йилда ўтказилган кимошди савдосида бир дона дэнсукэ 6100 долларга сотилган.

 

Руби Роман узумлари – бир боши 8400 доллар

Япония мева қимматлиги бўйича жаҳонда илдам: бу сафар хаёлан суперқиммат узум етиштириладиган Исикава префектурасига ўтамиз. Танлов жараёни жуда қатъий: шингилдаги ҳар бир узум донаси стол тенниси коптоги каби катта, ҳар бири 20 граммдан ортиқ вазнга эга бўлиши ва 18 фоиз шакарни ўз ичига олиши керак.

Бир боши 700 грамм, узум донаси эса 30 граммдан ортиқ бўлган туплар премиум ҳисобланади ва бу нав минглаб долларга сотилиши мумкин. Руби Роман узумининг ҳатто энг қиммат винолар учун ишлатилиши даргумон, чунки у паст кислоталилиги билан ҳам машҳур. Шунинг учун уни борлигича истеъмол қилиш тавсия қилинади.

 “Қирол Юбари” қовуни – бир жуфти 45 000 доллар

Бу қовун Хоккайдонинг Юбари минтақасида етиштириладиган бошқа ширин қовунларнинг гибридидир. Улар эҳтиёткорлик билан қуёшнинг зарарли нурларидан ҳимояланиб, вулқон кулидан фойдаланган ҳолда иссиқхоналарда сақланади.

Бу навли қовуннинг бир донасининг ўртача баҳоси тахминан 12 000 долларни ташкил қилади, бироқ 2019 йилда ушбу полиз экинининг бир жуфти аукционда 45 000 долларга сотилди, бу эса сезиларли фарқ билан “Қирол Юбари”ни дунёдаги энг қиммат мевага айлантирди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.