2019 йилда 6800 та ихчам иссиқхона қурилади

Вилоятимиз аҳолиси ихтиёрида 60 731 гектардан ортиқ томорқа майдони бор. Кейинги йилларда олиб борилган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида ердан фойдаланиш самарадорлиги, айниқса, енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш орқали лимон, помидор-бодринг, кўкат етиштириш ҳажми сезиларли даражада ошди, тўқсонбости усулида экинлар экиш йўлга қўйилди. Аҳоли орасида томорқа маданиятини янада юксалтириш, қолаверса, Вазирлар Маҳкамасида 2019 йил 17 январда ўтказилган йиғилиш баёни ижросини таъминлаш ва 2019 йил ҳосили учун баҳорги экинлар экиш бўйича уйма-уй юриб хонадонларни ўрганиш ишлари олиб борилади.

- Вилоят бўйича аҳоли ихтиёридаги томорқаларда йил давомида экилиши режалаштирилган, кўкат,  полиз-сабзавот ва бошқа экинлар ҳисоб-китоб қилиняпти, - дейди фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раиси Абдишокир Раҳимов. – 2019 йилда вилоятимидаги 6800 дан ортиқ хонадонда 69 гектар майдонда ихчам иссиқхоналар қурилиши режалаштирилган. Аҳоли томорқасида олма, гилос, ўрик, ёнғоқ каби 10 турга яқин 433 минг туп мевали кўчатлар экилиши, 81 мингдан ортиқ хонадонда қарийб 500 минг бош чорва ва парранда боқишни ташкил этиш бўйича ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда. Мутахассисларимиз томонидан аҳоли томорқаси учун зарур бўлган кўчат, уруғлик ва экин турлари тўғрисида ҳафталик маълумотлар базаси яратилган. Бу маълумотлар билан аввало, аҳолининг томорқадан қанчалик самарали фойдаланаётганини аниқлаймиз, қолаверса, истеъмол бозорида қайси маҳсулотга талаб ортиши ёки пасайиши, ортиқча етиштирилган маҳсулотнинг нархи тушиб кетишининг олдини олиш чораларини кўрамиз.

        Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.