438 гектар майдонда 452 мингта қуёш панели
Каттақўрғондаги қуёш фотоэлектр станциясида йилига 500 миллион киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Янги йил арафасида мамлакатимизда муҳим янгилик – умумий қуввати 2400 мегаватт бўлган олтита йирик қуёш ҳамда шамол станциялари тармоққа уланди.
Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида учта қуёш электр станциясининг биринчи босқичи барпо этилди. Шунингдек, ушбу нуфузли компания томонидан Томди туманида барпо этилаётган замонавий шамол станциясининг 100 мегаватти ишга туширилди. “Gezhouba” компанияси билан эса Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги қуёш станцияларининг дастлабки 400 мегаваттли генерацияси бошланди.
Жумладан, вилоятимиз ҳаётида тарихий воқеа Каттақўрғон туманида дунёнинг 40 дан ортиқ давлатида йирик қуёш, шамол электр станцияларини қуриб, бошқариб келаётган “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда йирик лойиҳа амалга оширилди. Ҳозиргача қишлоқ хўжалигида ҳам фойдаланиб бўлмайдиган 438 гектар даштлик ер майдонида йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Президентимизнинг 2022 йил 14 январдаги “Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қуввати 220 МВт бўлган фотоэлектр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган фотоэлектр станция тармоққа уланди. Бу ерда 452 минг дона қуёш панеллари ўрнатилди.
- Мазкур станция тўлиқ ишга туширилгач, бу ерда йилига 500 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, - дейди Самарқанд давлат университети доценти Жалол Рўзимуродов. – Бу ҳажмдаги электр энергияси вилоятдаги 208 мингдан ортиқ хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг. Каттақўрғон электр станциясининг ишга туширилиши натижасида йилига 152 миллион кубометр табиий газ тежалади. Қолаверса, атмосферага 200 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Тежалган табиий газ захираси эса 63 мингдан зиёд хонадоннинг бир йиллик истеъмолини ташкил қилади.
Аҳамиятли жиҳати, станцияни қуриш давомида 700 нафар ишчи меҳнат қилган бўлса, лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушгач, қўшимча 30 та янги иш ўрни яратилди.
Энг эътиборли жиҳати – ушбу барча лойиҳалар давлат-хусусий шериклик асосида, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилди. Бу маблағлар беиз кетмайди. Хонадонларга ёруғлик, янги саноат корхоналари ва иқтисодиётга эса қайта тикланувчи беминнат қувват бўлиб қайтади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.