9 кун қайиқда сузиб бориш керак бўлган оролда бир эркакнинг 62 авлоди яшайди
Манзилга етиб бориш учун атрофда чексиз сув кенглигидан бошқа ҳеч нарса йўқлиги ва қирғоққа етиб боришнинг ўзи даргумон фикрлар билан тўққиз кун сузишингиз керак бўлишини тасаввур қила оласизми? Бу Тинч океани сувларидаги Палмерстон шаҳрига боришнинг ягона йўлидир.
Бу ерга 150 йил муқаддам дунёнинг нариги бурчагида қўним топган бир инглиз эркакнинг 62 кишидан иборат авлоди истиқомат қилади.
Палмерстон оролида ҳаёт секин ва бир маромда кечади. У ерда супермаркет ёки озиқ-овқат дўкони йўқ. Одамлар тирикчилик қилиш учун балиқ тутади, кокос теради, бўш вақтларида тақинчоқ ясайди, волейбол ўйнашади ёки сузишади. Бироқ улар ўз электр энергиясига эга ва ҳатто фақат бир неча соат интернет узатилади. Баъзи омадлиларининг эса мобил телефони ва сунъий йўлдош телевидениеси ҳам бор. У ерда ҳеч ким ҳеч нарса сотмайди – пул фақат ташқи дунёдан зарур жиҳозларни сотиб олиш учун сарфланади. Маҳаллий аҳоли ичиш учун ёмғир сувини тўплайди.
Палмерстон шаҳри қадимги сув ости вулқонининг тепасида жойлашган ва кўрфазни ўраб турадиган ўндан ортиқ маржон қумли ҳалқа оролларидан иборат атолл сифатида ҳам танилган. Қояларга самолётлар қўна олмайди, вертолётлар ҳам етиб бормайди, шунинг учун у ерга фақат қайиқда сузиб бориш мумкин.
Орол 1863 йилда британиялик Уильям Марстерс ўзининг полинезиялик рафиқаси ва (кейинчалик уларни ҳам ўз хотинларига айлантирган) унинг тутинган опа-сингиллари билан ўзи орзу қилган оролга кўчиб ўтганида обод қилина бошланган.
Дастлаб йилига икки марта оролга озиқ-овқат ва керакли анжомлар тўла кема келиб турар, Уильям эса бунинг эвазига уларга кокос мойи сотарди. Кейинчалик кемалар ташрифлари ораси уч йилгача чўзилди ва охир-оқибат 1878 йилда улар бу ерга келишни тўхтатиб қўйишди. Лекин меҳнаткаш Уильям омон қолиш йўлдарини топа олди.
1899 йилда ўлимидан олдин Уильям оролни ҳар бир хотинига тенг уч қисмга бўлиб берди. Вақт ўтиши билан аҳоли ўсиб борди ва ҳозирда оролдаги 65 киши аҳолининг барчаси (учтасидан ташқари) унинг бевосита авлодлари ҳисобланади.
Бугунги кунга келиб маҳаллий аҳолининг аксарияти Палмерстонни тарк этмоқда, қолган оролликлар эса қариндош-уруғлар билан алоқа қилиш хавфи остида қолмоқда. Одамлар турмуш қуришган ва улар ўртасида қон ришталари борлигини кейинроқ билиб олган ҳолатлар ҳам бўлган. Бир куни Палмерстон мэри ОАВга интервью бериб, шундай деди: “Хотинимнинг бобоси ва менинг бобом ака-ука бўлган экан. Мен буни билмасдим, ҳамма нарса ошкор бўлганида жуда кеч эди. Оролда маҳаллий аҳолидан бошқа ҳеч ким яшамайди, шунинг учун бундай никоҳлар пайдо бўлиши табиий”. Бу орол аҳолисининг доимий камайиб бораётганининг сабабларидан бири, чунки ёшлар соғлом фарзандлар туғилиши ҳақида олдиндан ғамхўрлик қилиб, қариндош-уруғлар билан никоҳ қуришни истамайди.
Орол аҳолисининг ишлов бера олишидан кўра кўп ерлари бор, шунинг учун улар янги кўчманчиларни жалб қилиш мақсадида бутун дунё бўйлаб одамларга мурожаат қилишади, бироқ дунёнинг чеккасига жойлашишни истайдиган кўнгиллилар ҳали ҳам йўқ.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.