Амалдорнинг кирим-чиқимидан халқ хабардор бўлиши лозим

Коррупция ҳақида сизнинг фикрингиз қандай, билмадим-у менинг хулосаларимга кўра давлат ривожланишига тўсқинлик қиладиган нарса коррупция ҳисобланади. Жамият, давлат сиёсати илдизига болта урувчи куч ҳам коррупциядир. У аҳоли турмуш тарзининг ачинарли аҳволга тушишига, жамиятда тамагирлик, фирибгарлик каби иллатларнинг томир отишига имкон берадиган ёвуз куч.

Ҳуқуқ-тартибот, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, фан, спорт каби соҳаларда ўз олдига буюк мақсадларни қўйган ҳар қандай давлат, аввало, коррупцияга қарши кескин, муросасозликка асосланмаган ва асло кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши лозим.

Коррупцияга қарши кураш мураккаб ва бутун бошли тадбирлар дастури асосида олиб борилиши керак. Гарчи давлат амалдорларининг молиявий аҳволи муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, уларнинг маошини ошириш, қўшимча рағбатлантириш порахўрликка қарши курашда етарли самара бермайди. «Рағбат ва яшаш учун ишлаймиз», қабилида иш тутадиган, нафси ва кўзи оч амалдор муайян бир мансабда холисанилло ишлаши амалда ўз тасдиғини топмаяпти. Масалан, жуда нуфузли жойларда катта иш ҳақи олиб, кўп имтиёзлардан фойдаланаётган мансабдор шахслар ҳатто ўз вазифасини бажарганлиги учун ҳам пора талаб қилиши ҳолатлари учрайди.

Бу иллатдан қутулиш учун жамиятда қонун устуворлиги асосий масала бўлиши лозим. Давлат ҳокимияти тизимларининг иш фаолияти шаффоф бўлиши ва бу шаффофлик жамоатчилик ҳамда ОAВ ёрдамида назорат қилиб борилиши керак. Давлат амалдорининг шахсий молиявий харажатлари устидан назоратни амалга ошириш коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали усулидир. Мансабдорнинг ҳар чораклик молиявий кирими ҳақида прокуратура, солиқ идоралари, ОАВ ва жамоатчилик маълумотга эга бўлиши муҳим. Шу билан бир қаторда мансабдор шахсларнинг оила аъзолари, яқин қариндошларининг даромадлари солиқ декларациясида қайд этилиши ва солиқ қўмитасининг тегишли ҳужжатларида ўз аксини топиши лозим. Натижада, мансабдор олган маоши ва у харид қилган ҳар қандай мулк суммаси ўртасидаги мувозанат фаолиятини давлат ва халққа нисбатан виждонан олиб бораётганлиги ёки бормаётганлиги ҳақида тўла тасаввурни беради. Амалдаги қонунчилигимизда мансабдорларнинг солиқ декларациясини тўлдириши мавжуд, аммо бу декларацияга киритилган маълумотлар тўғрилиги текширилмаяпти.

Қонунчиликда давлат амалдорларининг дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланиш тартибларини ва шахсий сир сақлаш ҳуқуқларининг доирасини камайтириш ҳам порахўрликка барҳам беришга омил бўлиши мумкин.

Бир мисол билан фикримни якунламоқчиман: Швецияда коррупцияга қарши курашадиган, жамоатчиликка асосланган комиссия фаолият кўрсатади. Улар хизматида шаффофлик йўлга қўйилгани учун Швеция дунёда коррупциясиз мамлакат ҳисобланади.

Исматилла Йўлдошев.