Амалиётчи талабалар: бири ҳомиладор, бирининг вақти зиқ, бошқаси...
Хонамга икки қиз кириб келди, бири дадилроқ, бошқаси ҳолсизроқ. Мақола олиб келган бўлса керак, деб ўйладим.
- Биз талабамиз, амалиётга келдик, - деди дадилроғи. – Тўғрироғи, мен эмас, мана бу дугонам, - дея ҳолсизроғига қаради. Дугонаси нақ ёнидагисининг елкасига бошини қўйиб, мазаси йўқлигини яққолроқ сездиришга ҳаракат қилди. Табиийки, амалиёт ўтамоқчи бўлган қизнинг аҳволи нега унақа эканлиги билан қизиқдим.
- Бу дугонам ҳомиладор, токсикози жуда оғир ўтяпти, - уятни ҳам йиғиштириб шартта жавоб берди дугонаси.
- Қайси мавзуларда мақола ёзасиз ўзи? Ёки қайси соҳаларга қизиқасиз, шунга мос тарзда топшириқ бераман.
- Ие, бунинг аҳволини кўрмаяпсизми? Дугонам амалиётга келолмайди-да, шунинг учун амалиёт варақасига қўл қўйиб берарсиз-а, ўн кунлар ўтгач?
Бу илтимосми, буйруқми, ҳийлами - тушунолмай, майли, дедим.
Кейин эшитсам, амалиёт ўташ учун бошқа ҳамкасбларим ёнига келган талабаларнинг ҳам аҳволи шу экан. Бирови узоқда яшайман, қатнай олмайман, деса, бири вақти жуда зиқлигини, амалиёт билан бошини қотириб ўтирмаслигини рўкач қилади, яна бири чақалоғини кўтариб келади.
Амалиёт бошқа аксар касблар қатори журналистикада ҳам энг муҳим жараёнлардан саналади. Айниқса, шу соҳа орқали нон топаман, келгусида яхши мутахассис бўлишни истайман, деган талаба борки, амалиётга жиддий эътибор қаратади, соҳанинг сир-асрорларини ўрганишни истайди. Тошкентда, журналистика соҳасида ўқийдиган талабалар билан ишлаганимизда худди шундай қизиқувчанлик ва интилувчанликни кузатгандик. Ахборот ёзишдан бошлаб, мақола дунё юзини кўриш жараёнини батафсил ўрганиб, бир ой давомида газета ва сайтда бир нечта чиқишлар қилиб, амалиётни самарали ўтаб кетганлари қанча. Уларнинг аксарияти бугун у ёки бу нашрларда фаолият кўрсатмоқда. Афсуски, Самарқанд давлат чет тиллар институтининг журналистика бўлими талабаларида бундай интилишни кузатмадик. Тўғриси, интилиш бўлмаган талабага соҳани ўргатиш ҳам фойдасиз.
Улардан яна бири “диплом ишимни бошлаб қўйгандим, мавзуси “Эски турдаги оммавий ахборот воситалари...”, дея гап бошлади. Тўғриси, мавзуни охиригача эшитолмадим ҳам.
Эски турдаги оммавий ахборот воситалари, деганда нима назарда тутиляпти, деган саволга менимча нафақат талаба, унга мавзу берган устози ҳам жавоб беришга қийналса керак.
Умуман, ҳолатлар бир эмас, бир неча марта кўзга ташланмоқда. Бу ҳақда жиддий бош қотириб, ўйлаб кўриш керакдир.
Гулруҳ Мўминова.