АҚШ дунё майдонидаги етакчиликни, Европа иттифоқи эса бирдамликни йўқотмоқда
Коронавирус пандемияси Иккинчи жаҳон урушидан кейинги дунёдаги барқарорликка ва АҚШнинг жаҳондаги етакчи давлат мақомига якун ясади, деб ёзмоқда Франциянинг Le Monde нашри.
“АҚШнинг дунё етакчилигига қилаётган даъвоси, унинг халқаро майдондаги ҳақиқий кучи кескин камайиб кетаётгани билан мос келмай қўйди. Ўзгаришлар коронавирус пандемияси бошланишидан илгари бошланган эди. Дунё мувозанати собиқ иттифоқ давлати қулаганидан кейин ўзгарганди. Ўшанда етакчи саҳнага АҚШ чиқди. Ҳозирги кунда эса қудрати ошиб бораётган Хитой етакчилик қилишга даъвогар бўлмоқда”, дейилган мақолада.
Нашр журналистларининг фикрича, АҚШ сўнгги бир неча йил давомида ўз етакчилигини қўлдан бой бериб келган. Коронавирус инқирози уни бу етакчиликдан умуман маҳрум қилди.
Шунингдек, мақола муаллифлари ўз этиборини COVID-19 инфекцияси оқибатида дарз кетган Европа Иттифоқига ҳам қаратган. Уларнинг фикрига кўра, ЕИ вирус ҳуружига бардош бера олмади. ЕИ давлатлари вирус хуружи вақтида бир-бирларига ёрдам қўлини узатиш ўрнига, ўз қобиқларига ўраниб олдилар ва бирдамликни жиддий хавф остида қолдирдилар.