АҚШ Очиқ осмон шартномасидан чиқди
Америка Қўшма штатлари 22 ноябрь, якшанба куни 30 дан ортиқ давлат иштирок этган Очиқ осмон шартномасидан (ООШ) расман чиқди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
“Америка Қўшма Штатлари Очиқ осмон шартномасидан чиқиши тўғрисида билдиришнома юборганига 6 ой бўлди. Биз Россия йиллар давомида қўпол равишда бузиб келган ушбу шартноманинг ортиқ иштирокчиси эмасмиз”, деб ёзди Оқ уй миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Роберт О’Брайен ўзининг Твиттер саҳифасида.
АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг шартномадан чиқиш режаси ҳақида 22 май куни эълон қилган эди. Вашингтон Россия томонидан шартнома шартлари бузилганини бунга сабаб қилиб кўрсатди. Хусусан, АҚШ давлат котиби Майк Помпео Москва Американинг кузатув парвозларини амалга оширишига рухсат бермаганлигини ёки “истаган вақтда” уларни чеклашини таъкидлади. Шу билан бирга, у Россия “шартнома шартларини бажаришни бошласа”, Қўшма штатлар шартномадан чиқишни қайта кўриб чиқиши мумкинлигини истисно қилмади.
Россия томони барча айбловларни рад этди ва бундай ултиматумларни номақбул деб атади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва ООШнинг қолган 34 аъзоларидан ўз мажбуриятлари бажарилиши тўғрисида қатъий кафолат талаб қилишини маълум қилди. Хусусан, АҚШ иттифоқчилари уларга Россия ҳудуди фотосурат маълумотларини бермаслик тўғрисида сўз бормоқда.
Очиқ осмон шартномаси 1992 йилда имзоланган ва 2002 йилда кучга кирган. Бу совуқ урушдан кейин Европада ишончни мустаҳкамлаш чораларидан бири бўлиб, ҳужжат иштирокчи давлатларга ўзаро ҳарбий кучлари ва фаолияти тўғрисида маълумот тўплаш имкониятини беради.