АҚШнинг Миннеаполис шаҳрида йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда

АҚШнинг Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳрида норозолик намойишига чиққан аҳоли полиция маҳкамасини ёқиб юборди. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар берди.

Қўлига кишан тақилган афроамерикалик бўлган Жорж Флойдни ерга ётқизиб, полиция ходими уни тиззаси билан бўйнидан босиб олгани тасвирга олинган видео бир неча кун илгари интернет тармоқларида тарқалган эди. Ҳибсга олинган эркак бир неча марта ҳаво етишмаётганини айтган ва ёрдам сўраган. Полиция ходими бу сўзларга эътибор қилмасдан, унинг бўйнини тиззаси билан босишда давом этган. Шундан сўнг ҳибсга олинган шахс ўлиб қолган. Айнан шу воқеа оммавий норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Бўлиб ўтган воқеадан сўнг тўрт нафар полиция ходими ўз вазифасидан озод этилган. Бироқ Миннеаполис шаҳри мэри Жейкоб Фрей ва аҳоли вафот этган Жорж Флойдни бўйнини тиззаси билан босган полициячининг ҳибсга олинишини талаб этмоқда.

АҚШ Президенти Доналд Трамп тергов-текширув ишларини тезлаштириш ҳақида топшириқ берди. Шаҳарда норозилик намойишлари қалтис тус олгани оқибатида фавқулодда вазият эълон қилинди.

Телеканал тақдим этган маълумотга кўра, 28 май куни маҳаллий вақт билан тахминан 22.00 атрофида намойишчилар полиция маҳкамаси ҳудудига бостириб кирган ва полиция ходимлари билан йирик тўқнашув юзага келган.

Тўқнашувдан сўнг намойишчилар полиция маҳкамаси биносини ёқиб юборган, полиция ходимлари вертолётлар ёрдамида қочишга муваффақ бўлган.