АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси номзоди маълум қилинди
- 21.05.2022 09:22
- 100
- Ўзбекистон
АҚШ Президенти Жо Байден мамлакатнинг Ўзбекистондаги навбатдаги элчиси сифатида узоқ йиллик тажрибага эга дипломат Жонатан Ҳеник номзодини кўрсатди.
Оқ уй буни 20 май куни эълон қилди, дея хабар бермоқда “Америка овози” нашри.
Номзод Конгресснинг юқори палатаси, Сенат тасдиғидан ўтиши керак. Американинг Тошкентдаги ҳозирги элчиси Даниел Розенблум фаолиятини бошлаганига уч йилдан ошди. Ҳеник тўлиқ тасдиқлангунча Розенблум вазифасида давом этади.
Нью-Йоркда улғайган Ҳеник яқингача Давлат департаментида Марказий Осиё бўйича бош дипломат эди. У, шунингдек, халқ дипломатияси йўналишда узоқ йиллар хизмат қилган, бу борадаги дастурларга бош-қош бўлган.
Айни дамда Ҳеник АҚШ Мудофаа университетининг Кибер хавфсизлик ва ахборот коллежида Давлат департаментининг масъулидир. Дипломат дезинформацияга қарши кураш бўйича ўткир мутахассис саналади.