“Айрим йўналишлар автобус етишмаслиги сабаб тўхтаб қолган”: Транспорт бошқармаси сўровнома юзасидан муносабат билдирди
Жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш мақсадида каналимизда сўровнома ўтказилганди.
Вилоят транспорт бошқармаси ахборот хизмати сўровнома натижалари юзасидан ўз муносабатини билдириб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан режалар ҳақида маълумот берди.
“Сўровномада иштирок этганларнинг 25 фоизи жамоат транспортида хизмат анча яхшиланганини эътироф этган, бу олдинги йиллардагига нисбатан илиқроқ натижа бўлиб, соҳадаги айрим ўзгаришлар натижасини бераётганидан дарак.
Албатта, ҳозир ҳам муаммолар борлиги рост. Бугунги кунда вилоят миқёсида 69 та автобус йўналиши автотранспорт воситаси етишмаслиги натижасида тўхтаб қолган. Ушбу йўналишларни қайта тиклаш учун 367 та автобус талаб қилинади. Шунингдек, 28 та йўналишли такси (“Дамас” ва бошқа транспортларда) йўналишлари микроавтобуслар етишмаслиги натижасида тўхтаб турибди. Ушбу йўналишларга 320 та транспорт воситалари жойлаштирилиши белгиланган.
Самарқанд шаҳрида аҳолини жамоат транспорти билан таъминлаш ҳамда транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилган бош режага асосан 503 та замонавий талаблар асосида жиҳозланган автобус керак. Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари томонидан режадаги автобусларнинг 124 таси олиб келинган. Албатта, бу жуда кам кўрсаткич. Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар талайгина. Вилоят транспорт бошқармаси томонидан мазкур йўналишларни қайта тиклаш учун барча имкониятлар ишга солинган.
Шудди шу ўринда аҳолининг транспортга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтсак. Ҳудудларни жамоат транспорти билан қамраб олиш мақсадида йил якунига қадар 304 та автобус олиб келиниши режалаштирилган. Шундан 94 та электробус ЭТТБ банки ҳамкорлигида, 160 таси (90 автобус, 70 электробус) “Мароқанд Транс 777” МЧЖ, 40 таси “Самарқанд Ҳамкор Транс” МЧЖ ҳамда 10 таси “Севинч Транс Сервис” МЧЖ томонидан олиб келиниши учун дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шунингдек, Транспорт бошқармаси кўмагида 100 га яқин микроавтобуслар олиб келиш борасида тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Ҳайдовчиларнинг қўполлиги алоҳида масала. Уларнинг йўловчиларга самимий муносабатда бўлиши учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Автомобиль транспорти соҳасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ҳайдовчи ва йўловчилар ўртасида китобхонлик тарғиботини йўлга қўйиш мақсадида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумда “Мен йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш тарафдориман” ва “Энг зукко ҳайдовчи” лойиҳаларини амалга ошириш, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларда "маънавият бурчаги” ташкил қилиш, йўловчилар ўртасида турли хил викториналар ўтказиш каби масалаларга урғу берилган. Шунингдек, жойларга чиққан ҳолда ҳайдовчилар ўртасида маънавий дарс соатлари ташкил этилади. Бундан кўзланган мақсад ҳайдовчи ва йўловчи ўртасида самимий муносабатни муҳитини яратишдан иборат.
Ўз ўрнида жамоат транспортига бефарқ бўлмаган, ушбу сўровномада қатнашган ҳамда ўз фикр ва таклифларни билдирган барчага миннатдорлик билдирамиз. Аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжини қондириш вилоят транспорт бошқармасининг олдига қўйилган асосий вазифаси эканлигини айтиб ўтмоқчимиз” дейилади муносабатда.