Байденнинг президент сайловидаги ғалабаси Москва наздида нохуш натижами?

Ўтиб бораётган эски йил дунё халқлари учун чинакам синов даври бўлди. Ер юзасини тумандек ўраб олган коронавирус балоси, атроф-муҳитнинг булғаниши, глобал иқлим ўзгаришлари, табиий ва техноген фалокатлар, катта-кичик қонли можаролар, мудҳиш қотилликлар, қўйингки, инсоният оромини бузаётган барча нохушликлар йил давомида ҳали у ерда, ҳали бу ерда содир бўлиб турди.

Шулар ҳисобига турли мамлакатларда бўлиб ўтган сайловларни ҳам киритиш мумкин. Беларусь ва Қирғизистон республикаларидаги сайловлар охир-оқибат халқни жунбушга келтириб, у ерларда беқарорликни келтириб чиқарди. АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларини нафақат мағлуб Трамп, балки дунёдаги айрим давлат арбоблари ҳам ижирғаниб қабул қилишди. Масалан, Владимир Путин АҚШнинг янги президенти Жо Байденни юксак лавозимга сайлангани билан 15 декабрь куни табриклади. Бу борада Путин дунёдаги барча давлат арбоблари орасида энг охиргиси бўлди, десак хато бўлмайди.

Ваҳоланки, у 2016 йилда Дональд Трампни сайлов натижаси чиқмай туриб, эртаси куниёқ биринчилардан бўлиб ғалаба билан қутлаган эди. Ўшанда Россия Давлат думасидаги депутатлар Трампнинг сайланишини гулдурос қарсаклар билан қувониб нишонлаган ва шампань тўла қадаҳларни жаранглатиб уриштиргандилар. “Раша тудей” телекомпаниясининг раҳбари Маргарита Симоньян эса Москва кўчалари бўйлаб АҚШ байроғини машинасига тақиб айланиб чиққан эди.

Симоньян яқинда “Эхо Москвы” радиоси журналистига берган интервьюсида буни қуйидагича изоҳлади:

“Мен Трампнинг ғалабасига тиш-тирноғи билан қарши бўлган америкалик ҳамкасбларимнинг мағлубиятидан жуда қувонганимни яширмайман. Бу америкаликлар ибораси билан айтганда, epic fail, яъни оламшумул воқеалиги туфайли бундан хурсанд бўлмасликнинг сира иложи йўқ эди. Бунинг устига биз Доня, деб атаган арбоб (Дональд Трамп) геосиёсий рақибимизни сиёсий инқирозга бошлаб, фуқаролар уруши ёқасига олиб борди. Ғарб мамлакатлари ичида обрўсини тўкиб, (АҚШнинг) асосий иттифоқчилари билан орасини бузиб, совуқчилик туширди. Россия фуқароси сифатида бу сизни хафа қилмаса керак”.

Ҳақиқатан ҳам Трамп президентлик даврида анчагина қовунни туширди. Бундаги энг ёмон иш Америка халқининг иккита тенг қарама-қарши бўлакка бўлиб юборилгани бўлди. Шу пайтгача, гарчанд, республикачилар билан демократлар ўртасида баҳс-мунозаралар мавжуд бўлса-да, фундаментал масалаларда якдиллик устувор эди. Аммо Трамп ушбу келишмовчиликларни янги сифат босқичига олиб чиқди. Ҳатто, бу икки партия тарафдорлари ўртасида қуролли можаролар ҳам келиб чиқди. Мамлакатда ирқчилик, миллатчилик, тоқатсизлик яна бош кўтара бошлади. Муҳожирларнинг ҳуқуқлари чекланди ва одамлар ўртасида миллий, диний низолар тарғиб қилина бошланди. Бир вақтлар ягона қадриятлар асосида тинч яшаб келган оддий америкаликлар икки қарама-қарши гуруҳга бўлиниб кетди. Эндиликда Трамп учун овоз берган миллионлаб сайловчилар Байденга қарши гиж-гижланмоқда. Ушбу тадбирларнинг бошида эса мағлубиятдан аламзада Трамп ва унинг тарафдорлари турибди.

Шу ўринда айтиш керакки, АҚШ ҳар қанча бой ва қудратли давлат бўлмасин, у ерда ҳам ўзига яраша ижтимоий муаммолар йўқ эмас. Шу боис  собиқ шўро оммавий ахборот воситалари Американи чириб бораётган мамлакат сифатида тақдим этар ва унинг бугун-эрта таназзулга юз тутиши ҳақида башорат қиларди. Қарангки, Америка бу ёғда қолиб, шўро салтанатининг ўзи тарих мозорига равона бўлди. Қизиғи, кейинги вақтларда рус матбуотида яна шунақа кароматгўйликлар пайдо бўлаяпти.

Шу йил 15 декабрь куни Россиянинг “Sputnik news” ахборот агентлиги интернет сайтида рус журналисти Виктория Никифорованинг “Осторожно, штаты распадаются?” (“Эхтиёт бўлинг, штатлар емирилади(ми)?”) деган сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Бу мақолани ўқиган киши: “Тамом, Америка эртагаёқ худди СССР каби ҳалокатга юз тутар экан”, деб ўйлайди. Бироқ АҚШда давлат тизими шундай ташкил этилганки, у ерда ҳар қандай ижтимоий-сиёсий муаммолар демократик усулда тинч ҳал этилади.

Айтайлик, давлат бошига Трамп сингари кутилмаган нобоп сиёсий арбоблар чиқиб қолганда ҳам уларнинг давр-даврони узоққа чўзилмайди. Тўрт йил муддатини ўтаб бўлгач, хуш-хушвақтлик билан ўрнини бўшатиб беради. Аммо бу гал анъана бузилиб, сайловда ютқазган амалдаги президент курсини бўшатгиси келмай қолди. У ҳам айрим давлат раҳбарларига ўхшаб, доҳийлик гаштини узоқ вақт сургиси келмоқда. Афсуски, бу борада унинг омади юришмади. Америка халқининг кўпчилиги Жаноб Трампга қарши овоз берди. Бироқ жаноб Трамп мағлубиятини тан олмай охирги имкониятгача жаноб Байден билан курашди. Охири чидай олмай, сайловнинг сохта эканлиги, унда қўшиб ёзишлар бўлганлиги ва умуман Америкадаги демократия яроқсиз эканлиги ҳақида бутун дунёга жар солди.

Шунда бир мулоҳаза пайдо бўлади: демак, 2016 йилдаги сайлов ҳам сохта бўлган экан-да, Ҳиллари Клинтон хонимнинг сайловда енгилиши ҳам уюштирилган бўлиб чиқаркан-да? Бу билан жаноб Трамп ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслигини аён қилиб қўйди. Бир сўз билан айтганда, азалий америкача қадриятлар илдизига болта урилди. Америка сиёсий анъаналари тор шахсий манфаат йўлига қурбон қилинди. Трамп иккинчи ва учинчи марта сайланиши учун бор имкониятини ишга солди. Аммо америкаликларнинг демократия ва либерализмга бўлган муносабати унинг ниятларини чилпарчин қилиб, орзуларини саробга айлантирди.

Аслида, унинг биринчи мағлубияти “КОВИД-19” касаллиги билан бошланди. У Америка халқини касаллик демократлар ўйлаб топган уйдирма эканлигига ишонтирмоқчи бўлди ва пандемияга қарши зарур чора-тадбирларни кўришдан бош тортди. Оқибатда коронавирус америкаликларни шиддат билан ўз домига торта бошлади. Тўғри, касаллик балосидан ҳеч ким қочиб қутулолмайди. Олимларнинг хулосасига кўра, ер юзидаги аҳолининг 70 фоизи касалланишга маҳкум. Бироқ унинг шиддатини ҳеч бўлмаганда вакцина яратилганига қадар сусайтириб туриш мумкин эди. Трампнинг биттагина сиёсий хатоси туфайли медицина ўта ривожланган АҚШдек қудратли супердавлат бугун касаллик кенг тарқалган қолоқ мамлакатлар қаторига тушиб қолди, минг-минглаб одамлар ҳаёт билан видолашди.

Адолат юзасидан айтиш керакки, Трамп даврида ижобий ишлар ҳам амалга оширилди. Масалан, ишсизлар сони камайди, иқтисодиёт сезиларли даражада ўсди, ишлаб чиқариш корхоналари мамлакатга қайтарилди, халқнинг турмуш даражаси яхшиланди. Аммо йўл қўйилган хатоларнинг кўлами салмоқлироқ. Бу эса ўз навбатида, АҚШ нинг геосиёсий рақибларини илҳомлантириб юборди. Улар дунёда АҚШнинг мавқеи тушиб кетганлигидан усталик билан фойдаланишди. Трамп АҚШни  НАТОдан чиқариб, ушбу ҳарбий-сиёсий ташкилотни тарқатиб юбориш мақсадга мувофиқлиги ҳақида гапира бошлади. Американи бундан буён дунё ишларига аралаштирмасдан, фақат ички сиёсат билан шуғулланажаги ҳақидаги ниятларини яширмади. Бу эса алал оқибат, АҚШнинг жаҳондаги устунлик мавқеини йўққа чиқарарди. Собиқ СССРнинг таназзулини “20-асрнинг энг буюк геосиёсий ҳалокати”, дея баҳолаган Путин бу ишни АҚШ бошлиқ Ғарб давлатлари томонидан уюштирилган қўпорувчилик сифатида баҳолайди.

Ваҳоланки, Ғарб дунёси Россияни давлат сифатида сақланиб қолишига ниҳоятда улкан ҳисса қўшган. Бу ҳақда тарих дарсликларида лом-мим дейилмаса-да, ўтган асрнинг 30-йилларида амалга оширилган мамлакатни индустриялаштириш деярли тўлиқ Ғарб кўмаги ва технологиялари асосида бўлганлиги сир эмас. Ўша даврда СССРда тикланган бирор-бир йирик саноат иншоотини олиб қараманг, барчасида Ғарб мамлакатларининг ёрдамини кўрасиз. Тўғри, капиталистлар бу учун жарақ-жарақ фойда кўрганлари бор гап. Аммо рус тарихчиларининг ушбу бунёдкорлик ишлари нуқул совет халқининг фидокорона меҳнати билан бўлган, деган иддаолари ҳақиқатга тўғри келмайди. Кейинчалик СССР халқларининг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабаси ҳам АҚШ, Буюк Британия, Канада ва бошқа иттифоқчиларнинг яқин ёрдами асосида бўлганлигини шахсан Иосиф Сталинннинг ўзи ҳам очиқ тан олиб айтган.

Собиқ иттифоқ парчаланиб кетгач, муҳтожлик ва очлик ёқасига келиб қолган Россия ҳамда бошқа иттифоқдош республикаларга биринчи бўлиб Ғарб мамлакатлари халқлари ёрдамга келди. Ўша оғир йилларда улар озиқ-овқат, кийим-бош тўплаб собиқ шўро республикаларига беғараз кўмак уюштиришди. Аммо биздаги ноинсоф тадбиркорлар ушбу ёрдамларни ҳам аҳолига пуллаб, бойлик тўплашдан уялмади.

Шу ўринда, бир воқеа ёдимга тушади. Ўша йилларда аптекадан эмлаш учун шприц ва эм игна сотиб олдим. Аммо ўрамдаги ёзувлар инглиз тилида бўлгани боис хорижий тил ўқитувчисига ўқитиб кўрдим. Маълум бўлишича, унинг ёрлиғига: “Бу дори-дармонлар бепул тарқатиш учун мўлжалланган” деб битилган экан. Биз бу инсонпарварлик ёрдамлари дорифурушларга текин берилмаганини кейин билиб олдик.

Шу маънода, Ғарб мамлакатларининг заволини кўзлаш Кремль учун ўзи ўтирган шохни арралашга ўхшайди. Мабодо, эртага Россияга бирор кучли давлат томонидан тажовуз бўладиган тақдирда ҳам унга энг аввало Ғарб давлатлари ёрдамга келишлари аниқ. Бугунги кунда рус хомашёсининг асосий харидорлари ғарбда. Миллиардерларнинг тўплаган бойликлари ҳам ғарб банкларида сақланмоқда. Уларнинг болалари ғарб мамлакатларидаги олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда, тоблари қочиб қолса, барчаси ғарб шифохоналари ва сиҳатгоҳларига даволаниш учун ошиқади.

Байденнинг президент сайловидаги ғалабаси Москва наздида нохуш натижа. Чунки Байден АҚШ сиёсатини янги асосда қуриб, инсон ҳуқуқлари масаласини яна кун тартибига қўймоқчи. Халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузаётган давлатлар ҳам қуруқ қолишмайди. Жаҳондаги бир қанча тоталитар ва авторитар давлатлар халқаро келишувларни бузгани учун сурункали санкцияларга тортилмоқда. Байден эса чекловларни янада кучайтирмоқчи. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, келгуси йиллар ҳам дунё халқлари учун жиддий синов даври бўлиши аниқ.

Худойберди  КОМИЛОВ,

“Зарафшон”нинг сиёсий шарҳловчиси.