Байрамлар муҳим, аммо бир-биримизга меҳр, дўстлик, биродарлик улашишимиз керак, вирус эмас

✓ Байрам кайфияти ҳукмрон Рио-де-Жанейродаги Шакарли бош тоғида ташриф буюрувчиларни 100 метрли баландликдан арқонда тушиб келувчи Санта клаус кутиб олади. Арқонли йўлак кабинкалари байрамона безатилган. Ваҳоланки, Бразилия коронавирусга чалинганлар бўйича АҚШ ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринни эгалламоқда.

✓ Чехияда ресторан ва магазинлар ишлай бошлади, фуқароларнинг оқшом ҳаракатланишига тақиқлар бекор қилинди. Прагада болаларга маҳаллий цирк байрамона дастурлар намойиш этишади. Бунда машинадан чиқмаган ҳолда Санта-Клаус совғасига мушарраф бўлиш мумкин. Фавқулодда ҳолат режими Чехияда 12 декабргача давом этади. Аммо ҳукумат яна 30 кунга узайтиришни режалаштирмокда.

✓ Фавқулодда ҳолат амалда бўлган Португалияда ҳукумат ҳаракатланиш чекловларини 23 дан 26 декабргача бекор қилишга қарор қилган эди. Аммо Янги йил байрами даврида қатъий чоралар тикланади. Ҳукуматнинг таъкидлашича, инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича бундай ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда ва чораларни юмшатишга ҳали эрта.

Хусусан, Португалия бош вазири Антонио Коста мамлакат халқига мурожаат қилиб: «Рождество бизга иммунитет келтирмайди ва ҳеч кимни ҳимоя қилмайди. Байрамлар биз учун муҳим, аммо биз бир-биримизга меҳр, дўстлик, биродарлик улашишимиз керак, вирус эмас. Инфекция Рождество совғасига айланмасин", деди.

✓ Лондоннинг Шарқий қисмида, Стратфорддаги савдо марказида санитария чекловлари ва локдаунга қарши норозилик намойишлари ўтказилди. Намойишчилар "эркинлик" сўзини баралла айтиб, дўконга ташриф буюрганларнинг маскаларини ечиб, эмлашда қатнашмасликка чақиришди. Чоршанба кунидан бери Англиянинг аксарият қисми, шу жумладан, Лондон, иккинчи (юқори) даражадаги таҳдид даражасига эга бўлиб турибди.

Г.Холдорова тайёрлади.