Бир йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳеч қандай келишиб бўлмаган ижро иши медиаторнинг ёрдами билан ечимини топди
Жорий йилнинг 12 март куни Президентимизнинг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб суд ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилиши белгиланди. Медиация амалга оширилаётган пайтда ижро иши 15 кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилади. Бунда томонлар ўртасида ижро предметига доир келишув расмийлаштирилган ҳолларда ижро иши юритилиши тугатилиши белгиланди.
Самарқандда биринчи марта медиация усули ижро иши юритиш тизимига қўлланилди. Бу эса ўзининг ижобий самарасини берди.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлимига фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 16 апрелдаги қарорига асосан Самарқанд шаҳри, Нодирабегим кўчаси 4-уй бузилаётгани сабабли, уйда яшовчи қарздорларни яшаб турган уй-жойларига тенг қимматли бошқа турар жойни мулк қилиб топшириш вазифаси қўйилган. Шунингдек, ундирувчи “Темп Строй Торг” масъулияти чекланган жамият томонидан уй-жойларни бузиш тўғрисидаги қарздорларни уй-жой билан таъминлаш юклатилган.
Жумладан, фуқаро Мусо Гулямовни Самарқанд шаҳар, Нодирабегим кўчаси 4-уй, 5-сонли нотурар жой (дўкон)дан чиқариб, “Темп Строй Торг” масъулияти чекланган жамияти томонидан ушбу жойда қурилаётган кўпқаватли уйнинг 1-қаватидан нотурар жойдан дўкон бериш, фуқаролар С.Эшонқулов, М.Гулямов ва С.Гадаеваларни оила аъзолари билан мажбурий тартибда кўчириб, ижара шартномаси асосида вақтинча ажратилган уй-жойга киритиш, бузилишга тушган турар жойи эвазига товон тариқасида майдонига мутаносиб равишда аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жойни мулк қилиб топшириш мажбурияти бажарилгандан кейин турар жойни ундирувчи ҳисобидан бузиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мавжуд эди.
Бироқ, қарздорлар фаол қаршилик кўрсатилганлиги сабабли, ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган ва қарздорларга нисбатан давлат ижрочисининг 2019 йил 5 февралдаги қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1981-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдоридан маъмурий жарима қўлланилган.
Шундан сўнг, ижро иши 2019 йил 25 февралда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг алоқа хатига асосан, Олий судда назорат тартибида кўрилгунга қадар вақтинчалик ижроси тўхтатилган.
Жорий йилнинг 28 март куни суднинг ижро ҳужжатини тўхтатиш ҳақидаги қарори Олий суд раҳбариятининг 26 март кунги хати билан бекор қилинган ва бу ҳақда томонларга маълум қилинган.
Жорий йилнинг 29 март куни мажбурий ижро ҳаракатларига яна киришилиб, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочилари Нодирабегим кўчасидаги 4-уйга бориб, қарздорларга мажбурий кўчириш талаблари ҳақида тушунтириш берган. Лекин қарздорлар томонидан қаршилик кўрсатилгани сабабли, ижро ҳаракатларини амалга оширишнинг имкони бўлмаган.
Қарздорлар М.Гулямов, С.Эшонқулов ва С.Гадаеваларга – ундирувчи “Темп Строй Торг” масъулияти чекланган жамияти томонидан бузилаётган уй-жойлари ўрнига қурилаётган янги уй-жойдан уй бериш ёки олдинги уйдан каттароқ кенгликдаги уй бериш таклифини рад этиб, ўрнига янада кўпроғини талаб қилишган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочисининг 2019 йил 8 апрелдаги талабномасига асосан, ижро ҳаракатларини амалга ошириш вақти эртасига – 9 апрелга тайинланган. Бу куни икки томоннинг келишуви билан ҳуқуқшунос А.Имомов ижро ҳаракатлари жараёнида медиатор сифатида иштирок этиб, томонларни ўзаро келишувига эришди. Бир йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳеч қандай келишиб бўлмаган, суд жараёнларида, турли тортишувлар, баҳсларда ечим топилмаган бу ижро ишида ниҳоят медиаторнинг ёрдами билан бир ечимга келинди. Бундан ҳар иккала томон ҳам мамнун бўлди.
Шу муносабат билан “Темп Строй Торг” масъулияти чекланган жамият раҳбарининг 2019 йил 9 апрелдаги ижро ҳужжатини ижро қилмасдан қайтаришни сўраб берган хатига асосан, қарздорлар М.Гулямов, С.Гадаева ва С.Эшонқуловларга оид ижро ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 40-модда 1-қисмига асосан тамомланди.
Ўйлаймизки, медиаторлар бундан кейин ҳам ижро иши юритиши тизимига яқин кўмакчи бўлиб қолаверади.
Фаррух ИБРАГИМОВ, Мажбурий ижро бюроси
Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари.