Бозорларнинг даромадларига нималар киради?
Патта тўлови тушумлари ва бошқа тушумлар бозорлар даромадларини ташкил этади.
Патта тўловини бозорларда товарлар, буюмлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишни амалга ошираётган жисмоний шахслар тўлайди. Патта тўлови ҳар бир сотиш жойидан савдо қилинган ҳар бир кун учун ёки ҳар бир товар, буюм, чорва мол учун ундириладиган қатъий белгиланган тўловдир.
Жисмоний шахс билан тузилган ижара шартномасига биноан савдо жойи учун ижара ҳақи тўланадиган ҳолларда, патта тўлови суммаси ижара ҳақи таркибига киритилади.
Патта тўлови ҳар бир тўловчидан нақд пулли ёки нақд пулсиз шаклда, бир вақтнинг ўзида фискал хотирали назорат-касса машинасининг чекини ёки терминал чекини бериш орқали ундирилади.
Патта тўлови миқдорлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.
Бозорларнинг бошқа тушумлари жумласига қуйидагилар киради:
1) ижара тўловидан олинган даромадлар. Ижара тўлови бозор маъмуриятининг тасарруфида бўлган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа мол-мулкдан фойдаланганлик учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан тўланади;
2) сотувчиларга ва сотиб олувчиларга хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
3) бозор маъмурияти томонидан амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги товарларини тайёрлаш, харид қилиш ва реализация қилишдан олинган даромадлар (деҳқон бозорлари учун). Бунда реализация қилинган товарларнинг харид қиймати билан сотиш қиймати ўртасидаги фарқ даромаддир;
4) қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар.
Ижара тўловининг ва бозор маъмурияти кўрсатадиган хизматлар қийматининг миқдорлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.
Самарқанд вилояти давлат
солиқ бошқармаси ахборот хизмати.