Булунғурда каучук-резина плиткалар ишлаб чиқарилади

Булунғур туманидаги “Килдон” акциядорлик жамиятининг 7,5 гектар ер майдонидаги бўш турган бино-иншоотлар ва фойдаланилмаётган ер майдонлари негизида кичик саноат зонаси ташкил этилган.

Ҳудудга қуввати 250 кВА трансформатор пункти қуриш ва 10 кВт кучланишли 1 километр электр тармоғини тортиш, 1 та ичимлик суви иншооти ва 75 миллиметр диаметрдаги 1,3 километр сув тармоғи қуриш ҳамда 0,5 километр йўлни таъмирлаш режалаштирилиб, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Яратилган шароит ва мавжуд имтиёзлар туфайли кичик сонат зонасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагида бўлганлар таклиф ва лойиҳаларини тақдим этмоқда. Бугунги кунгача берилган таклифлар асосида Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг йиғилиш баёнларига асосан умумий қиймати 1 милион 570 минг долларлик 8 та инвестиция лойиҳалари маъқулланган.

Туман ҳокимлигининг қарорига асосан мазкур лойиҳаларга ер ажратилиб, 121 та янги иш ўринларини яратиш чоралари кўрилмоқда. Қайд этиш ўринлики, бугунги кунгача кичик саноат зонасига жойлаштирилган лоҳалар учун сарфланадиган инвестициянинг 615 минг доллари банк кредити бўлса, 955 минг доллари ташаббускорлорнинг ўз маблағлари ҳисобланади.

Кичик саноат зонасида тез кунда “Булунғур мебел сервис” хусусий корхонаси мебел, “Булунғур олтин сув” масъулияти чекланган жамияти нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлайди. Шунингдек, “Мусаева Ойсулув” якка тартибдаги тадбиркори томонидан тикувчилик цехи, “Колибри” масъулияти чекланган жамияти резина шиналарни қайта ишлаш ва каучук-резина плиткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. “Шоҳжаҳон ЖСД” фермер хўжалигининг 0,50 гектар майдонда қуриб битказилган музлаткичли омборхонасига зарур ускуналар ўрнатилмоқда.

“Даврон-1” масъулияти чекланган жамияти томонидан халқаро молия ташкилотларининг 50 минг доллар миқдорида кредит маблағлари асосида амалга оширилаётган музлаткичли омборхонада асбоб-ускуналарни ўрнатиш, монтаж ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда саноат зонаси ҳудудида мавжуд 4,5 гектар бўш ер майдони ташаббускор тадбиркорларни кутмоқда.