Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Чингизхон нега ўз қабрини сир тутишни буюрган?

Мўғулистон. Охири кўринмайдиган мўғул чўллари ўзида битмас-туганмас афсона ва ҳақиқатларни яшириб ётибди. На бир йўл, на бир бино кўринади, фақат бошингиз узра тубсиз осмон, ора-сирада мўғул чўпонларининг юмалоқ ўтовлари, йилқи уюри, эчкилар подасига дуч келасиз. Бу поёнсиз саҳроларни от устида босиб ўтишни тасаввур қилиш қийин, аммо бу – дунёни отда юриб бўйсундирган жангчи, Чингизхоннинг юрти. Ана шу чексиз чўллар инсоният тарихидаги энг йирик империянинг асосчиси, бутун дунёни зир титратган, ҳатто ўлимидан сўнг ҳам тарихчиларнинг муҳим эътиборида бўлган саркарда, мўғулларнинг буюк қаҳрамони Чингизхонни дунёга келтирган. Чингизхоннинг ҳаёти тарихи қон тўкишлар, босқинлар, муҳаббат ва қасосга тўла. Аммо бу тарих. Жумбоқларга кўмилган афсоналар, фаразлар, тахминлар эса саркарданинг ўлимидан сўнг бошланди. Нега ҳалигача Чингизхоннинг қабри топилмаган? Саркарда нима учун ўз қабрини сир сақлашни хоҳлаган? Вафотига сабаб нима? Келинг, шу каби саволларга жавоб қидирамиз.

Афсоналарда айтилишича, жон бераётганида Чингизхон ўзи дафн этиладиган жойни қаттиқ сир сақлашни буюрган. Қайғудаги жангчилар саркарданинг жонсиз танасини олиб кетишаркан, йўлларидан чиққан гувоҳларни қиличдан ўтказишган. Чингизхонни дафн этишгандан сўнг бирор бир из қолдирмаслик учун унинг қабри устидан минглаб отларни қўйиб юборишган. Мўғул хроникалари ва саёҳатчи Марко Полонинг ёзувларига кўра, Чингизхоннинг тобутини ясаган барча қуллар махсус жангчилар томонидан ўлдирилган. Вазифа бажариб бўлингач, жангчиларнинг ўзи ҳам қатл этилган. Хоннинг жасади солинган тобут Гоби чўли орқали белгиланган жойга қараб олиб кетилар экан, Чингизхоннинг ўлимидан хабар топган киши борки, омон қолдирилмаган.

Орадан 800 йил ўтибдики, ҳеч ким Чингизхоннинг қабрини тополмади. Халқаро экспедициялар тарихий ёзувларга таяниб сағанани топишга уриниб кўришди, маҳаллий ландшафт, ҳатто коинотдан олинган суратларни ўрганиб чиқишди. Чингизхон дафн этилган жойни аниқлаш ниятида National Geographic сунъий йўлдош орқали олинган суратлардан фойдаланди. Бироқ натижа йўқ. Бу қидирув ишлари билан одатда хорижлик мутахассислар шуғулланди, мўғулларнинг ўзлари эса хоннинг қабри топилишини истамайди. Нега? Бунга бир нечта сабаблар бор. Мўғуллар ҳозиргача ўзларининг буюк аждодларига чуқур эҳтиром кўрсатишади. Чингизхон бугун ҳам мўғуллар учун куч-қудрат тимсоли. Мўғул халқи қадимги анъаналарга ҳурмат билан қарайди. Буюк хоннинг қабри очилиши - унинг сўнгги хоҳишига қарши бориш дегани. Яна кўпчилик Чингизхоннинг қабри топилса ва очилса, ҳалокатли уруш бошланишига ишонади. Самарқандда буюк лашкарбоши Амир Темурнинг қабри очилганидан сўнг Иккинчи жаҳон уруши бошланганини мисол қилиб кўрсатадилар.

Нега кўчманчи қабилалар ўз қабрларини бунчалик қаттиқ қўриқлашган? Гап шундаки, маҳаллий қабилалар орасида душман қабрини вайрон қилиш одати бўлган. Вафот этган кишининг руҳи бу дунёга қайтиши ва авлодлари кўринишида қайта туғилиши мумкинлигига ишонишган. Албатта, қабрда ётган одамнинг барча суюклари бут ҳолда бўлса. Шу боис қабрлар топталишига йўл қўйишмаган. Айрим шомонлар бу борада жуда эҳтиёткор бўлишган – ўлгандан сўнг яна бу дунёга қайтиш учун бутун умри давомида ҳар бир соч толаси, тирноқлари ва тишларини йиғиб юрган ва вафот этганда уларни ўзи билан қабрга қўйишни васият қилган.

Албатта, қадимги одатга кўра, хонларни шунчаки дафн этишмаган, уларнинг қабрига қуроллар, қимматбаҳо ва маросим одатлари билан боғлиқ буюмларни ҳам қўшиб кўмишган. Чингизхоннинг қабри ҳам империянинг турли бурчакларидан келтирилган хазиналар билан тўла деб ҳисоблашади. Хорижликларнинг сирли сағанага қизиқиши сабабларидан бири ҳам шудир балки. Археологлар учун эса бу дунё миқёсидаги улкан топилма бўлар эди.

Улуғ хоннинг сўнгги хоҳишидан ташқари, қидирув ишларига оддий тўсиқлар ҳам халал беради. Мўғулистон ҳудуди жуда йирик ва кам ўзлаштирилган. Бу жойлардан қадимги сағанани қидириб топиш осон иш эмас. Доктор Димажава Эрденебатар Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳри университетида археология факультетини бошқаради. У афсонавий сағанани қидириш бўйича биринчи япон-мўғул қўшма экспедициясида қатнашган. Қидирув ишларини Чингизхон туғилган Хэнтий вилояти атрофида бошлашга қарор қилишган. Худди шу вақтда, яъни 1990 йил мамлакатда демократик инқилоб юз берди ва янги мўғул ҳукумати экспедиция ишини тўхтатди. 2001 йилда олим марказий Мўғулистон ҳудудидаги қазишма ишларида қатнашди. Бу қабристон 2 минг йиллик тарихга эга, хунну кўчманчи қабиласининг сулолавий қабристони эди. Олим хунну қабиласи мўғулларнинг қадим аждодлари деб ҳисоблайди. Шундан тахмин қилиш мумкинки, мўғулларнинг дафн анъаналари ҳам ўхшаш бўлган. Хунну шоҳларини устидан квадрат шаклидаги тошлар терилган 20 метр чуқурликдаги ерости залларига дафн қилишган. Биргина сағанани қазиш учун олимлар 10 йил ёз бўйи ишлашган. Агар Чингизхон ҳам хунну анъаналарига кўра кўмилган бўлса, аниқ мўлжални билмаган ҳолда унинг қабрини топиш мушкул, деярли имконсиз. Чунки бундай қабрни яшириш осон – устидаги тошлар олиб ташланса кифоя. Ерости зали 20 метр чуқурликка яширилган бўлса, чексиз мўғул саҳроларида уни қидириб топиш имконсиз иш.  

Афсоналардан бирига кўра, Чингизхон Улан-Батор шаҳридан 160 км олисдаги Бурхан-Халдун тоғларида дафн этилган. Бу мўғуллар учун муқаддас тоғ. Чингизхон ёшлигида худди шу тоғ чўққисида душмандан яширинган ва кейинчалик бу ерга қайтишга онт ичган. Бироқ олимлар қабрнинг шу ердалиги борасида бир тўхтамга келишгани йўқ. Хоннинг сағанасини қидиришда олимлар тарихий қўлёзмаларга таянишади. Чингизхон кўмилган жой устидан минглаб отлиқлар юриб ўтганлиги кўпгина афсоналарда айтилади, бу эса у тоғ чўққиси эмас, балки водий ёки саҳро эканлигини билдиради.

Манбаларда Чингизхон оғир хасталикка чалинган ва ёши 70 га яқинлашган бўлса-да, навбатдаги жангга йўл олиб, ғанимлар қаршилигини енггани, бироқ тўлиқ ғалабагача яшай олмагани айтилади. 1227 йилнинг 25 августида хон вафот этади. Хоннинг ўлимини ҳеч ким кутмаганди, у худди ёшлигидагидек эгар устида туриб, қўшинни бошқарган. Чингизхоннинг ўлими айнан қандай содир бўлгани ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ. Аммо жанг пайти яралангани, ёки ўлдирилгани ҳақида ҳам манба йўқ. Ўлимидан сўнг Чингизхоннинг жасади Мўғулистонга қайтарилади. Манбалардан бирида хоннинг жасади у туғилган жойларга, ҳозирги Хэнтей вилояти ҳудудида, Онон дарёси яқинида дафн этилган дейилади. Ҳеч ким тополмаслиги учун қабр устидан дарё ўзани ётқизилган. Тарихчи Рашидиддин ҳам мўғул хони дафн этилган жой Бурхан-Халдун тоғларида бўлиши мумкинлигини ёзади, чунки бу жойлар бегоналар учун ёпиқ бўлган ва рухсатсиз ўтишга уринган киши қатл этилган. Унинг ёзишича, бир куни Чингизхон Онон дарёси бўйларида ов қилиб юрар экан, шу жойдан кўзга ташланган қиялик хоннинг эътиборини тортади. Хон қандайдир қувонч ва чуқур руҳий сокинликни ҳис этади. Шунда у ёнидагиларга, «Бу жой менинг қабрим учун мос экан… Эслаб қолинглар ва белги қўйинг», дейди.  Қидирув экспедицияси аъзоси ва Урумчидаги тарихий музей раҳбари, профессор Цан Хунинг таъкидлашича, афсонавий лашкарбошининг сағанасини Хитой ҳудудидан, мўғул-хитой чегараси яқинидаги Олтой тоғлари этакларидан қидириш зарур.

Чингизхон қабрининг қаттиқ сир тутилишини тарихчилар мўғулларнинг маданий анъаналарига боғлайдилар. Бу анъаналар Буюк Мўғул империясида бўлган миссионерлар томонидан батафсил тасвирлаб берилган. Мўғуллар «марҳумнинг саёҳати»га халақит бериш мумкин эмас, деб ҳисоблашган. Шунинг учун улар марҳумлар қабрини кўздан яширишган. Мўғуллар босқинидан сўнг Рус ўлкасида ёт ўлка кишиларининг қабрлари жуда кам топилгани ҳам шу билан изоҳланади. Мўғуллар марҳум қариндошларини бир неча, ҳатто юзлаб километр йўл босиб саҳрога олиб кетишган. Уларни дафн қилиб, сўнг ўша жойни яхшилаб ниқоблашган – ортиқча тупроқларни текислаб, ажриқ ётқизиб чиқишган ва ҳатто дарахт, буталар экиб қўйишган. Буюк лашкарбоши Чингизхон ҳам мангу уйқусида уни безовта  қилмасликлари учун қабри қаттиқ сир сақланишини амр қилгандир. Аммо дунёни зир титратган мўғул саркардасининг қабрини топиш истаги ҳали ҳануз кўпчиликка тинчлик бермаслиги аниқ.

Мухлиса Рустамова тайёрлади.