Биз фақат дарахт кесишнинг оқибати билан курашяпмиз...
Нима учун бугун дарахт экиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва нима сабабдан дарахт кесиш жиноятга тенглаштирилмоқда? Агар табиатга муносиб муносабатда бўлинмаса ва дарахтлар камайишда давом этса, келажагимиз нима бўлади? Ҳавода заҳарли моддаларнинг ортиши, аҳоли ўртасида касалликлар, эрта ўлим ҳолатларининг кўпайиши бу билан ўзаро боғлиқ эмасми? Шу каби саволларга жавоб излаймиз.
Бундан 64 йил олдин Хитойда буғдой ҳосилини асраш мақсадида чумчуқларга қарши аёвсиз кураш бошланган эди. Ўшанда биргина 1958 йилнинг баҳорида бутун Хитой бўйлаб қарийб 2 миллиард дона чумчуқ овлангани ҳақида маълумотлар бор. Охири ўйланмай қилинган бу иш табиатдаги мувозанатни бузди, оқибатда Хитой далалари ҳашоратларга тўлиб, ҳосил аввалги йилгига қараганда бир неча баробарга камайди ва очарчилик бошланди. Ҳукумат хатосини йиллар давомида тўғрилай олмади. Фақат бошқа давлатлардан чумчуқлар келтирилиб, далаларга қўйиб юборилганидан сўнг вазият аста-секин ўнгланди.
Бугун қайсидир маънода, биз ҳам табиатга етказаётган зарарларимиз оқибати билан курашяпмиз. Фарқи шундаки, биз қушларни қирмадик, балки дарахтларга қирон келтириб, бутун бошли флорани қақшатдик.
Тўғри, охирги йилларда дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинди, бу йўналишдаги қонунбузарлик учун жазо чоралари оғирлаштирилиши ортидан дарахт кесиш ҳолатлари бир мунча камайди. Яшил макон умуммиллий лойиҳаси ҳам табиатдаги мувозанатнинг тикланишига умид бағишламоқда. Аммо барча саъй-ҳаракатларга қарамай, дарахтлар кесилиши тўхтагани йўқ. Ўртага пул кирганда, дарахтларни кесиш учун минг бир баҳона ўйлаб топилмоқда. Табиатга бундай тажовузкорона муносабатнинг охири нима билан якунланади, шуни ҳам ўйлаб кўрдикми?
Бу масалада биринчи маротаба гапирилмаяпти, биз ҳам эски гапларни қайтариш фикридан йироқмиз. Келинг, яхшиси мутахассисларнинг ўзидан сўраб кўрамиз: дарахтларсиз ҳаёт қандай бўлади?
Кесилган бир дарахтнинг ўрнини 15 йилда ҳам тўлдира олмаймиз
Хислат Ҳайдаров,
Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси мудири, профессор:
— Бугун вилоятимиздаги экологик вазиятни яхши деб бўлмайди. Самарқанд шаҳри ҳавосининг ифлосланганлиги бўйича Тошкентдан кейинги ўринда туриши ҳам мумкин. Бунга ишора қилувчи жуда кўп омиллар бор. Транспорт воситалари, ишлаб чиқариш корхоналари, умуман, аҳоли сонининг кўпайиши шулар жумласидан. Ачинарлиси шуки, бизда экологияни зарарловчи омиллар кўпайиши баробарида ҳавони тозалашга хизмат қилувчи дарахтлар сони камайиб бормоқда. Дарахтлар табиатнинг ўпкаси ҳисобланади. Уларсиз етарлича кислород, кислородсиз эса ҳаёт бўлмайди.
Шу кунларда бутун республика бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойихаси асосида кўчат экиш тадбирлари олиб бориляпти. Бу узоқни кўзлаб амалга оширилаётган муҳим лойиҳа. Лекин кўчат экиш ишнинг энг осон қисми, асосий масала уларни парваришлаб, вояга етказишда. Қолаверса, ҳар бир кўчат ўзига мос муҳитни ва парваришни талаб қилади.
Масалан, лола ва магнолия дарахтларини кўча бўйига экиш нотўғри. Улар оғир заҳарли газлар, хусусан, автомобиллардан чиқадиган чиқинди газлари билан ифлосланган жойларда яхши ривожланмайди. Шу сабабли бу кўчатларни боғларнинг ичига экиш мақсадга мувофиқ. Кўча ва магистрал йўллар ёқасига каталпа, япон сафораси, акация, эман, чинор ва айлант экиш мақсадга мувофиқ. Бу дарахтлар йирик баргли бўлиб, заҳарли газларни яхши тутиб қолади, шунингдек, ўзлари сувсизликка чидамли бўлган ҳолда атрофга соя-салқинлик улашиб туради.
Шаҳарнинг бир неча жойида оқ қайин экилганига гувоҳ бўлдим. Бу дарахтларни аҳоли яшаш жойлари ва жамоат жойларига экиб бўлмайди. У аллергик касаллиги бор инсонларга ёмон таъсир қилиши мумкин. Худди шундай, тол ва теракнинг чангчил туплари ўзидан кўп гул чангини чиқаради. Улар ҳам аҳоли пунктларидан четроқ жойларда, хусусан, катта ариқ ёки канал бўйларига экилса, ўзига хос манзара ҳосил қилади.
Яна бир гап. Кўчат экиш ёши катта дарахтларни кесиш учун баҳона бўлмаслиги керак. Битта кўчатнинг улғайиб, ҳавони максимал даражада тозалашга киришиши учун ўртача 15-20 йил вақт керак бўлади. Демак, кўчат экяпмиз-ку, деб, 50, 100 ва ундан катта ёшли дарахтларнинг баҳридан ўтиш нотўғри ёндашув. Агар шу тақлидда давом этилса, кейинги 15 йил нима билан нафас оламиз, заҳар биланми? Масаланинг шу жиҳатларини ҳам ўйлаб кўриш керак.
Дарахтлар аҳоли сонидан кам
Санъатжон Сайидов,
Каттақўрғон тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи:
— Президентимиз шу масаладаги йиғилишда мамлакатимизда яшиллик 30 фоиздан 8 фоизга камайганини таъкидлаб ўтган эди. Рақам кўринишида бу кўп нарсани англатмас, лекин амалда вазият жуда ёмон. Икки йилдан буён давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг асосий мақсади ҳам айни хатони тўғрилаш, табиатга етказилган зарарни қоплашга қаратилган.
Ҳолатни биргина Каттақўрғон тумани мисолида таҳлил қилсак, ҳозир бу ерда истиқомат қилувчи 285 минг нафар аҳолидан дарахтлар сони кам. Тегишли дастурлар асосида ҳудудга экилиши белгиланган дарахт кўчатлари ҳам аҳоли бошига биттадан тўғри келмайди. Дарахт кесиш ҳолатлари ҳамон давом этаётганини инобатга олсак, табиатдаги бўшлиқ яқин йилларда тўлдирилмаслигини тушуниб етиш мумкин. Бу барчани ташвишга солиши лозим.
Айтиш жоизки, ўтган даврда вилоятимизда игна баргли дарахтларни экиш авжига чиқди. Лекин бу амалиёт ўзини оқламади. Сабаби, арчалар касалланишга мойил бўлиб, кўп сув талаб қилади. Ва аксинча, ўзи деярли салқинлик бермайди. Оқибатда уларнинг кўпи сувсизлик ёки касаллик оқибатида қуриб қолди. Биз бугун уларнинг жойига ота-боболаримиз эккан, иқлимимизга мос ва чидамли дарахт кўчатларини ўтқазиш ҳаракатидамиз.
Албатта, дарахтлар тириклик манбаи ҳисобланади. Лекин улар фақатгина ҳавони тозаловчи восита эмас, балки минглаб турдаги қуш, ҳайвон ва ҳашаротлар учун бошпана ҳамдир. Бир ҳудудда дарахтларнинг йўқ қилиниши табиатдаги мувозанатни бузади. Қолаверса, дарахтлар сув танқислигининг олдини олади. Яъни, дарахт бор жойда сувнинг парланиши камайиб, яшиллик сақланиб қолади.
Нафас йўллари касаллиги биринчи ўринга чиқди
Гулжаҳон Ибрагимова,
вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ревматология ва пульмонология бўлими бошлиғи, олий тоифали пульмонолог:
— Бундан бир неча йил олдин аҳолида кўп учрайдиган касалликлар орасида юрак хасталиги биринчи ўринда эди. Ҳозир пульмонологик касалликларга чалинувчилар ундан ҳам кўп бўлмоқда. Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги шулар жумласидан.
Бу касаллик организмда бирдан пайдо бўлмайди, йиллар давомида заҳарли газларга тўйинган ҳаводан нафас олиш оқибатида ривожланиб келади. Илгари унга асосан новвой ва пайвандчилар чалинарди. Ҳозир у касб танламаяпти. Бўлимимизга мурожаат қилувчиларнинг ҳар 10 нафаридан бирида шу хасталик аниқланмоқда.
Аслида вазият бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин. Сабаби, вилоятимизда пульмонолог шифокорлар жуда кам. Шу боис ўзида балғамнинг кўп ажралиши, ҳансираш ҳолатларини сезганлар кардиолог ёки бошқа шифокорлар олдига бориб, кераксиз муолажаларни олишмоқда. Бугун на фуқаролар ва на тор соҳа шифокорларида нафас йўлларининг сурункали касалликлари ҳақида етарли тушунча бор. Умуман, одамларга заҳарли газларга “бой” ҳаводан нафас олаётганимиз учун кўп хаста бўлаётганимизни ҳам тушунтириб бўлмаяпти. Ҳолбуки, айни омил нафақат нафас йўлларидаги касалликлар, балки асаб тизими, юрак, қон-томир касалликларининг ҳам сабабчиси ҳисобланади. Умуман, кислород танқислиги бутун организм учун зарарли. Кишиларда ишчанликнинг пасайиши, уйқу босиши, умумий ҳолсизлик танамиз кислородга тўйинмаётганидан далолат.
Шу сабабли шифокор сифатида аҳолига йилда бир маротаба бўлса-да, тоғли ҳудудларда, ўрмонларда тоза ҳаводан нафас олиб ўтказишларини маслаҳат берган бўлар эдим. Бу танадаги касалликларнинг сурункали кўринишга ўтишига тўсиқ бўлади.
Ҳавонинг ифлосланиши иқтисодиётга ҳам зарар
Яқинда Жаҳон банки гуруҳи ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамкорлигида тайёрланган ҳисобот эълон қилинди.
Унда таъкидланишича, “Яшил” иқтисодиётга ўтиш барқарор ва инклюзив бозор иқтисодиётига ўтишнинг ажралмас қисми. Бироқ мамлакатимизда бу борада қатор муаммолар бор. Хусусан, Ўзбекистон аҳоли жон бошига табиий ресурслар бўйича Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан, Қозоғистонни ҳисобга олмаганда, яхшироқ кўрсаткичга эга. Аммо табиий капиталда яйловлар ва ҳайдаладиган ерларнинг улуши кўп, экотизимларнинг ишлаб туришини таъминлайдиган ўрмонлар ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эса кам. Шу ва сувдан ортиқча фойдаланиш билан боғлиқ омиллар ҳудудда ер деградациясининг тарқалишда давом этишига сабаб бўлади.
Деградацияга учраган ерлардаги чангнинг шамол таъсирида кўчиши, шаҳар ва саноат манбаларидан чиқадиган қаттиқ заррачалар ҳавонинг ифлосланиш ҳолатини оғирлаштиради. Аҳолининг катта қисми мунтазам равишда тоза бўлмаган ҳаводан нафас олади, ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоизига тенг бўлган тасодифий бўлмаган ўлим ҳолатларини ҳаво ифлосланиши билан боғлаш мумкин. Ер деградацияси иқтисодиёт учун ҳам жуда қимматга тушади ва бу ўзаро боғлиқ экологик муаммоларни келтириб чиқаради.
Бу мутахассисларнинг изланишлари натижалари, фикр ва таклифлари эди. Гувоҳи бўлганингиздек, экологик инқироз остонада турибди. Шундай экан, хулоса қилишга шошилайлик.
Анвар Мустафоқулов,
Асқар Баротов.