Дастурга таклиф бор
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар асосида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди ва айни пайтда қизғин муҳокама этилмоқда.
Дастур лойиҳаси 253 бандни ўз ичига олган беш йўналишдан иборат. 10 январгача лойиҳа бўйича 637 иштирокчи томонидан 1873 та изоҳ билдирилган. Бу изоҳлар асосан биринчи йўналиш - “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари”да (593 та), учинчи йўналиш - “Иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишлари” (388 та) ва тўртинчи йўналиш – “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлар” да (505 та) энг кўп қайд этилган.
Олий Мажлис палаталарининг норма ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишидаги фаолиятини кучайтириш ва самарадорлигини ошириш (1-банд) бўйича фуқаролар томонидан 66 та фикр-мулоҳазалар билдирилган.
Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис, тегишли вилоят, туман ва шаҳар давлат органлари раҳбарларини тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқлаш амалиётини жорий этиш (2-банд) бўйича 48 та изоҳ қолдирилган.
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш (4-банд)да ҳам кенг жамоатчилик фаол қатнашмоқда. Бу бандда 80 дан ортиқ муносабат ва фикрлар баён этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчи сифатида Давлат дастурига қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман.
Биринчи таклиф: Инвестиция асосида қурилиб фойдаланишга топширилаётган объектларни қабул қилишда жамоатчилик комиссиялари эмас, балки Давлат дастури асосида қурилиб фойдаланишга топширилган мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасаларини бевосита ўша ташкилотлар раҳбарлар ўзлари қабул қилишлари лозим.
Қабул қилиш далолатномаларини имзолашда икки томоннинг ҳам жавобгарлигини қатъий белгилаш керак. Яъни амалга оширилган қурилиш ишларининг кейинги таъмирлаш ишлари ва қабул қилинган жиҳозларнинг яроқлилик муддатини аниқ белгилаш зарур.
Бугунги кунда жамоатчилик комиссияларининг ҳеч қандай жавобгарлиги белгиланмаган. Бу эса бюджет маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши ёки ўзлаштирилиши ҳолатини юзага келтиради.
Жамоатчилик комиссияси фақат иш жараёнини назорат қилиш мақсадида фаолият кўрсатиши мумкин.
Иккинчи таклиф: Айни кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияларининг вилоят бирлашмалари мавжуд.
Шаҳар ва туманларда эса 4 та ёки 5 та касаба уюшма тармоқлари фаолият кўрсатади. Ушбу тармоқларни бирлаштирган ҳолда шаҳар ва туманлар кенгашларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Учинчи таклиф: Республика бўйича мавжуд барча маҳалла, қишлоқ ва кўчалар номларини қайта кўриб чиқиб, маънавиятимизга зид, эскирган номларни янгилаш, ном қўйилмаган масканларни номлашни якунлаш ҳамда уларнинг бир хил намунада ёзишни ташкил этиш. Жой номларини кўрсатилган лавҳаларни ёзиш ва ўрнатилишини таъминлаш учун молиявий манбаларни аниқ белгилаш.
И.ЖАББОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиси.