Давлат хизматларини 200 тага етказиш имконияти бор
2018 йил бошида давлат хизматлари марказларида жами 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирга келиб улар сони 120 дан ортди ва кейинги йилда хизматлар сони 160 тага етиши режалаштирилмоқда. Солиштирадиган бўлсак, икки йил аввал республикамиз туман-шаҳарларидаги марказлар орқали фуқароларга 120 мингга яқин хизмат кўрсатилган. Жорий йилда эса хизматлар сонининг ортганлиги ҳисобига бу кўрсаткич 7 миллионга етди.
Шундай бўлса-да, соҳани янада такомиллаштириш, талаб юқори бўлган хизматларни жорий этиш мумкин. Шу мақсадда АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Канада, Австралия, Финляндия, Шотландия, Эстония, Озарбайжон ва Қозоғистон давлатларининг бу борадаги тажрибаларини ўргандик. Масалан, АҚШда 1998 йил қабул қилинган "Ахборотни ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида"ги ва "Давлат тузилмаларида қоғоз ишларини камайтириш тўғрисида"ги қонунлар давлат хизматларини такомиллаштиришда кескин бурилиш ясаган.
Японияда давлат хизматлари давлат сиёсати бўйича зарур маълумотларни ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, кенг ва кўп босқичли жамоатчилик маслаҳат марказлари тизимини йўлга қўйиш функцияларига эътибор қаратилади. Шунингдек, қарорлар қабул қилишда дастлабки алоқа сифатида маълум доира вакиллари билан ҳамкорлик қилиш, давлат сиёсати билан боғлиқ қонун лойиҳаларини тайёрлаш, маъмурий ислоҳотларда Япония давлат аппаратининг фаол иштирокига урғу берилган.
Жанубий Кореяда электрон ҳукуматни яратиш стратегияси ва сиёсати бўйича бир қатор вазифалар амалга оширилган. "e-Government"ни яратиш ғояси Жанубий Корея ҳукуматига тегишли. Соҳа ислоҳоти ўтган асрнинг 80-90-йилларида бошланган. Ушбу давлат қудратли ҳукумат тузиш учун стратегик режа асосида 31 та лойиҳа ва ташаббусни ўз ичига олган электрон ҳукуматни такомиллаштириш дастурини ишлаб чиққан. Шу билан бирга интеграциялашган ва тегишли хизматлар қаторини кенгайтириш, хусусан, кундалик амалиётга турли хил мобиль иловаларни жорий этишга катта эътибор берилган. Мамлакат 2020 йилгача янги авлоддаги алоқа тармоқларини ишга тушириш учун 1,6 триллион вон (тахминан 1,5 миллиард доллар) маблағ сарфламоқда.
Қозоғистонда жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган давлат хизматлари 12 та йўналишда жами 204 тани ташкил этади. Қозоғистон тажрибасидан келиб чиқиб, бизда ҳам давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматлар сонини кўпайтириш мумкин.
Биринчидан, оила йўналишида "Вояга етмаган болалар мулкини тасарруф этиш ва вояга етмаган болалар учун меросни рўйхатдан ўтказиш учун гувоҳномалар бериш", "Етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болани боқиш учун васий ёки ҳомийларга нафақа тўлашни тайинлаш", "Етим ва (ёки) ота-она қарамоғисиз қолган фарзанд асраб олиниши муносабати билан бир марталик пул тўловини тайинлаш", "Ногирон болани тарбиялаётган онага ёки отага, фарзанд асраб олувчи(лар), васий (ҳомий)га нафақа тайинлаш", "Иккинчи фарзандликка олиш тўғрисидаги гувоҳнома олиш учун ариза юбориш" кабилар. Соғлиқни сақлаш соҳасида "Тиббий маълумотга эга бўлган мутахассислар учун малака сертификати бериш", cил касаллиги, невропсихиатрик, гиёҳванд моддалар билан даволаш клиникаларидан маълумотнома бериш хизматлари.
Таълим соҳасида эса "Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатларини олиш", "Академик мобиллик доирасида чет элда ўқиш танловларида қатнашиш учун ҳужжатларни қабул қилиш", "Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига ҳужжатларни қабул қилиш" йўналишларини жорий этиш мумкин.
Иш билан таъминлаш ва бандлик соҳасида "Синов сертификати дубликатини бериш", "Маъмурий давлат хизматининг кадрлар захирасига қабул қилиш", "Бўш иш ўринларини қидириш ва танловда қатнашиш учун ариза бериш", "Иш қидирувчиларни рўйхатга олиш". Ижтимоий таъминот масаласида "Ўшга доир давлат ижтимоий нафақалар", "Ногиронлик бўйича ижтимоий нафақа", "Боқувчисини йўқотган тақдирда давлат ижтимоий нафақаларини тайинлаш тўғрисида маълумот олиш" хизматларини киритиш мумкин.
Фуқаролик миграция ва иммиграция соҳасида фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш, миллий ва марказий давлат архивларидан маълумотлар олиш, меҳнат муҳожирлари учун рухсатномалар бериш ва узайтириш, паспорт, шахсий гувоҳнома олиш, уй-жой тўғрисида маълумотнома бериш, яшаш майдони, манзили ва маълумотномаларни тақдим этиш. Чет элга чиқиш бўйича таъқиқ бор йўқлигини текшириш, республикада вақтинча бўлган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказиш хизматлари кўрсатишни ҳам йўлга қўйса бўлади.
Шунингдек, республикадаги кўчмас мулк манзилини аниқлаш учун маълумотнома бериш, I ва III гуруҳ фуқароларидан 2020 йилгача минтақаларни ривожлантириш дастури доирасида уй-жой олиш учун ариза ва ҳужжатларни қабул қилиш, уй-жой фондидан уй-жой навбати рақамларини кўришни жорий этиш лозим. Ҳуқуқий ёрдам сифатида архив гувоҳномалари, архив ҳужжатларининг нусхалари ёки республика давлат архивларидан келиб чиқадиган ва чет элга юборилган архив маълумотномаларига апостил қўйиш, нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган лицензия бериш, юридик шахслар давлат маълумотлар базасидан маълумот олиш, нотариал ҳаракатлар билан шуғулланиш ҳуқуқини тасдиқлаш хизматларини киритса бўлади. Транспорт ва ҳарбий ҳисоб соҳаларида давлат рақамларини бериш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва чиқариш, гувоҳномалар бериш, ташқи ва халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларида реклама жойлаштиришга рухсат олиш, фуқароларни ҳарбий ҳисобга қўйиш соҳасида ҳам хизматлар кўрсатишни ташкил этиш зарурати бор.
Ушбу хизматларни жорий этиш орқали давлат хизматлари марказларида қўшимча 56 та хизмат тури жорий этилади ва марказларда кўрсатиладиган хизматлар сонини 2020 йил якунига қадар 200 тага етказиш мумкин.
Тегишли қарорлар билан давлат хизматлари ягона реестри тасдиқланган. Унга кўра, мамлакатимизда 79 та ваколатли орган (бундан ташқари 200 га яқин ҳокимлик) томонидан 693 та хизмат кўрсатилмоқда. Бугунги кунда мазкур соҳада етарли тажриба шаклланмаганлиги натижасида ягона реестрини кўриб чиқиш жараёнида бир-бирини такрорлаётган ёки бир хил ваколатдаги вазифалар бўйича икки ёки ундан ортиқ давлат идоралари томонидан хизматлар кўрсатилаётганлиги ойдинлашди.
Давлат хизматлари агентлиги шу ваколатига эга бўлган ташкилотлар билан ҳамкорликда давлат хизматлари ягона реестрни қайта тасдиқлаш ва янги хизматларни киритиш мақсадида иш олиб бормоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида давлат хизматлари мутахассисликлари бўйича янги йўналиш очиш, талабаларга фан сифатида ўқитишни йўлга қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ. Маҳаллаларда эса "Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади" тамойили асосида комиссиялар тузиш, идораларда марказлар филиали ва махсус бурчаклар ташкил этиш лозим.
Ушбу филиалларда фуқаролар марказлардаги хизматлар тўғрисида, хизмат турларининг тўлов миқдори ва бошқа маълумотларга эга бўлади.
Исроил ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
давлат бошқаруви академияси тингловчиси.