Депутатлар катта ишларга қодир...ми?
Одатда, халқ ноиблари саналувчи кишилар, яъни депутатлар ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг энсаси қотиши бор гап. Кўпчилик улар жамият ҳаётида ҳеч қандай ўринга эга эмас, деб ҳисоблайди.
Хўш, бунга уларнинг ўзи нима деб жавоб беради? Асосан ижро ҳокимиятини назорат қилувчи депутатлар зиммасидаги вазифаларни қай даражада уддаламоқда? Улар каттароқ ишларга қодирми?
Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Шерали Йўлдошев билан суҳбатлашдик.
- Аввало, айтиб ўтиш лозим, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлар котибияти бу янги тизим, - дейди Ш.Йўлдошев. - Яъни, жорий йил аввалида Кенгашлар ишини мувофиқлаштириш, депутатларга ҳар томонлама кўмак бериш учун барча шаҳар ва туманларда котибиятлар ташкил қилинди.
Табиийки, котибият мудирлари ва уларнинг мутахассисларининг кўникма ва билим олишларига зарурат туғилди. Шу боис, вилоятимизда жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг видеоконференцалоқа шаклида ўқув-семинари ўтказилди.
Шу билан бирга вилоят, шаҳар ва туманлар халқ депутатлари учун Кенгаш ишини ташкил этиш, депутатлик сўрови юбориш, депутат дахлсизлиги ва бошқалар бўйича нашр қилинган китоб барча депутатларга хизматда фойдаланиш учун бепул тарқатилди.
Қолаверса, 2021 йил 7-9 июнь кунлари Сенат раиси Т.Норбоева раислигида маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, улар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш, доимий комиссияларнинг ўрни ва ролини кучайтириш бўйича онлайн учрашувлар ташкил этилди.
Масала шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Мана яқинда - 12 октябрь куни қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар бўйича Олий Мажлис Сенатининг мудофа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялар раислари ва котибият мудирлари учун ўқув-семинар уюштирилди.
- Ўзи умуман, маҳаллий Кенгашларда котибият ташкил этилгани қандай ўзгаришларга хизмат қилди?
- 2020 йил 23 июль куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан Кенгаш котибияти фаолияти йўлга қўйилди. Котибиятга халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари орасидан 1 нафар котибият мудири ҳамда депутат бўлмаган 2 нафар бош мутахассис штат бирлиги ажратилди.
Котибият ташкил этилгач, вилоят Кенгашининг сессиялари онлайн тарзда, очиқ ўтказила бошланди. Натижада барча ҳоким ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар, ижтимоий-иқтисодий тизимдаги бошқа идоралар раҳбарларининг Кенгаш олдида ҳисоботи жонли мулоқотга айланди. Яъни, олдингидек, “қўл кўтариб” тасдиқлаш амалиётига барҳам берилди.
Депутатлик сўровлари, сессияларда қабул қилинган қарорлар ижроси ҳар ҳафта таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликлар юзасидан чоралар кўрилмоқда. Натижада ижро органи раҳбарлари ҳам Кенгаш олдида ҳисобдор эканликларини ҳис қила бошлади.
Умуман, маҳаллий Кенгашлардаги котибиятлар депутатлар фаолияти билан шуғулланувчи, уларга ташкилий ва техникавий, услубий жиҳатдан кўмаклашадиган тизим бўлди.
- Жорий йилга мўлжалланган давлат дастурида маҳалла раисига кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни Кенгашга киритиш ҳуқуқини бериш ҳам белгиланганди. Бизнингча, бу иш нима учундир ортга суриб келиняпти. Ваҳоланки, масала депутатлар эътиборидан четда қолиши мумкин эмас. Шундаймасми?
- Очиғини айтиш лозим, айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари маҳаллий ижро ҳокимияти измидан чиқиб, мустақил ташаббус кўрсатмаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Тўғри, бунга уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда ўз фаолияти доирасида етарлича кўникма, тушунчага эга эмаслиги ҳам сабаб бўляпти. Шундан келиб чиқиб, маҳалла фаолларининг малакасини оширишда ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан тегишли идораларга тавсиялар берилган. Ва бу масала ижроси назоратга олинади.
Давлат дастуридаги масала ижросига келсак бу борада алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши керак. Ҳужжат бўйича биз фақат таклиф киритиш ваколатига эгамиз.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, давлат дастурининг вилоятда амалга ошириладиган ҳар бир банди ижроси бўйича вилоят Кенгаши сессияларида ҳар ойда бир марта тегишли бошқарма ва ташкилотларининг ҳисоботлари эшитиб борилмоқда.
- Дастурда трансчегаравий ҳамкорликда маҳаллий вакиллик органларининг ролини кенгайтириш борасида ҳам алоҳида банд мавжуд. Бугунги депутатлар корпуси бундай катта ишончни оқлай оладими?
- Бу борада Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2021 йил 28 апрелдаги “Трансчегаравий ҳамкорликда маҳаллий вакиллик органларининг ролини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар, вилоят Кенгашларига трансчегаравий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида бир қатор тавсиялар берилган.
Оддий айтганда, бу борада қайси вазиятда қандай йўл тутишгача кўрсатиб ўтилган. Демакки, амалда бу тавсиялардан тўғри фойдаланиш, қайд қилинган ҳуқуқий асосларни амалда қўллаш қоляпти.
Юқорида айтганимдай, депутатларимиз кечаги депутатлар эмас. Бугун улар ҳар қандай учрашув ва музокорларга ёки катта жамият ҳаётидаги муҳим масалаларда “лаббай” деб жавоб бера олади. Шу маънода, сиз айтган масалада ҳам депутатларимизнинг билими, салоҳияти етади, деб ўйлайман. Тўғри ҳали бу борада қиладиган ишларимиз, белгилаб олинадиган чора-тадбирлар кўп. Зотан, бу соҳа нафақат депутатлар корпуси, аксарият бошқарув идоралари раҳбарлари учун ҳам янги тушунча, мутлақо қўлланилмаган амалиёт.
- Дастурда белгиланган ҳудудларда ташқи қарз ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича жамоатчилик назоратини такомиллаштириш борасидаги вазифа ҳам деярли ижро этилмаяпти. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Дастурдаги қайсидир банд мутлақо ижро этилмаяпти ва бу ҳолга депутатлар кўз юммоқда, деган фикрга қўшилмайман. Бу фиркни ташқи қарз борасидаги вазифалар ҳақида ҳам айтиш мумкин.
Негаки, 46-сессияда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 октябрдаги “Давлат қарзи ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг натижадорлигини таъминлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг вилоятдаги ижроси кўриб чиқилди. Масала юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Ойбек Ходжаевнинг ҳисоботи тингланди.
Маълумот учун айтишим мумкин, вилоятда халқаро молия ташкилотлари иштирокида энергетика (5 та), коммунал хўжалиги (4 та), қишлоқ хўжалиги (1 та), соғлиқни сақлаш (1 та) ҳамда туризм (1 та) соҳаларида умумий қиймати 470 миллион долларга тенг бўлган лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган. Сессия ишида ҳар бир лойиҳанинг бугунги кундаги ҳолати батафсил муҳокама қилинди.
Бир сўз билан айтганда, депутатлар ваколати доирасида назорат қилиниши керак бўлган ҳар бир масала юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботини эшитиб келмоқда. Заруратга қараб, жойига чиқиб ўрганиляпти. Бирор муаммо ёки камчилик аниқланган ҳолларда тегишли таклиф ва тавсиялар берилиб, ўз навбатида уларнинг ҳам ижроси назоратга олинмоқда.
Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.