Депутатлар сўровига ижро ҳокимиятининг муносабати қониқарсиз
Парламент қуйи – Қонунчилик палатасига Самарқанддан сайланган депутат, “Адолат” социал-демократик партияси аъзоси Шуҳрат Полвонов ҳамкасби Гулбаҳор Саидғаниева билан ҳукуматдан тиббиёт ходимларининг ойлигини ошириш, иш ҳақи миқдорларини қайта кўриб чиқишни сўраганди. Хўш, бу масалани кўтаришга нима сабаб бўлган эди?
Бу ҳақда депутат Шуҳрат Полвонов фикрига қулоқ тутамиз.
- Рости, ўтган йил коронавирус пандемияси сабаб жамиятимиз ижтимоий ҳаётида юзага келган ҳолатлар бу масалага эътибор қаратишимизга сабаб бўлди, - деди Ш.Полвонов. - Негаки, бу синов даври нафақат юртимиз, балки бутун инсониятга қадриятлар моҳиятини англашда муҳим бир туртки сифатида таъсир қилди. Карантин эълон қилинган кунларнинг дастлабки босқичида “жон ширинлиги” эффекти одамларни қай кўйларга солганлигини, ҳамма шифокорларнинг оғзига қараб қолганлигини, ҳеч ким эсидан чиқармаган бўлса керак.
Шу боис, қонун чиқарувчи орган вакили сифатида тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тизимини танқидий тартибда қайта кўриб чиқиш, бунда асосий эътиборни тиббиёт ходимининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори бажарилаётган ишларнинг мураккаблиги ва юкланмаси даражасига ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатига боғлиқ ҳолда бўлиши лозимлигига қаратдик. Бунда ойлик тўловлар миқдорини оширишни, юқумли касалликлар билан боғлиқ бўлимларда фаолият олиб борадиган врачлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, беморларга хизмат кўрсатувчи барча касбдаги ходимлар учун алоҳида шартларда ойлик маошлари оширилишини таклиф этгандик.
Албатта, тиббиёт ходимлари ойлик маошларини ошириш масаласида оддий мантиқдан келиб чиқдик. Яъни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва бошқа давлат идоралари ходимларининг маошлари бир неча баробар оширилиши таъминланган бир пайтда, шифоркорлар ойлик маошини қайта кўриб чиқилиши ҳам муҳим деб билганмиз.
- Бугунги кунда ҳам мазкур масалада айтарли ўзгариш бўлгани йўқ. Қонун чиқарувчи ҳокимият вакили сифатида ижро ҳокимиятининг сўровларингизга бефарқлигини қандай баҳолайсиз?
- Фикрингизга қўшиламан, ўтган даврда ижро ҳокимияти томонидан тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш борасида бирор арзирли ўзгаришлар амалга оширилди, деб айта олмаймиз.
Тан олишимиз керак, бу борада ижобий ишлар ҳам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги қарори билан тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимларига махсус рағбатлантириш тўлови белгиланди. Бу “фронтда” фидокорона хизмат қилган тиббиёт ходимлари учунгина маълум маънода қувватлов бўла олди.
Энди парламент аъзолари сўровига ижро ҳокимиятининг муносабатига тўхталадиган бўлсак, вазиятни қониқарсиз, деб баҳолаган бўлардим. Сайловчилар, аҳоли томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича мурожаатларимизга юзаки жавоблар билан бир вақтда, турли вазирликларнинг бир-бирига қарши жавоблари ҳам кузатилади.