ДХА директори “Mercedes”, “Leksus” каби автомашиналарида “курьерлик хизматини бажараман” дея сохтакорлик билан рухсатнома талаб қилаётган уддабуронларга мурожаат қилди

Бугунги карантин даврида озиқ-овқат савдоси ва умумий овқатланиш корхоналарининг етказиб бериш хизматлари учун (курьерлик ва “доставка”) автотранспортларга махсус рухсатномалар берилиши белгиланган. Айни пайтга келиб бундай тоифадаги аризалар сони 30.000 дан ортиқни ташкил этмоқда.

Эътиборлиси, айнан мазкур корхоналар томонидан “премиум-класс“ автотранспорт воситаларига, жумладан, “BMW X7”, “Mercedes”, “Leksus”, “Hyundai”, “Captiva”, “Malibu-2”, “Tracker” ва шунга ўхшаш машиналар учун ҳам “курьерлик”ни амалга ошириш учун аризалар юборилмоқда.

Ушбу аризаларга илова қилинган ҳужжатларда мазкур тоифадаги автомашиналарнинг ҳайдовчилари курьер сифатида расмийлаштирилган иш берувчининг буйруғини тақдим қилмоқда.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган ушбу оғир кунларда бундай ишларни амалга оширишга “уддабурон” тадбиркорларимизнинг виждони бунга қандай йўл беряпти, ҳайронман? Айнан ушбу “премиум-класс” машиналар эгалари вирус тарқатувчи бўлиб чиқса-чи? Майли, пул учун ҳамма нарсага тайёр экансиз, ҳеч бўлмаса, яқинларингиз соғлиғи ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Ахир бу вирус “домино” эффекти орқали тарқалади-ку?

“Премиум-класс“ ҳайдовчилари, ушбу маблағни ҳозирги шароитда қийналиб қолган эҳтиёжманд оилаларга сарф этсангиз руҳиятингиз енгил тортармиди?

Махсус рухсатномаларни расмийлаштириш учун Давлат хизматлари марказлари ходимлари тинмай меҳнат қилмоқда. Бизда ҳар бир ҳужжатнинг ҳаққонийлигига алоҳида баҳо бериш катта қийинчиликлар туғдирмоқда.

Айнан сиздек “ҳурматли”лар туфайли, ҳақиқатдан ҳам озиқ-овқат, дори-дармон, дон маҳсулотларини етказиб берувчилар тегишли рухсатномасини ўз вақтида ололмаяпти! Наҳотки, сизни Жиноят кодексидаги жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи нормалари ҳам қўрқита олмаяпти?

Бироқ шуни аниқ билишингизни хоҳлаймиз: ғаразли мақсадингиз йўлида ҳужжатларни сохталаштиришга жиноий жавобгарлик муқаррар.

Қадрли фуқаролар! Инсонлигимизни унутмайлик. Ўзимиздан бошқаларни ҳам ўйлайлик.

Халилилло ТЎРАХЎЖАЕВ,

Давлат хизматлари агентлиги директори.