Экотуризм: Сайёҳлар табиатни соф ҳолатда кўриши керак

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-тур айни масала бўйича бўлди. Унда журналист ва блогерлар вилоятимизнинг табиий ландшафти, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини соф ҳолатда сақлаган ҳолда сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Биринчи манзил Ургутнинг Бешкон маҳалласидаги табиат мўъжизаси - Тешиктош маскани бўлди. Кенг адирлик, бир томонда кўкка бўй чўзган тоғлар тизими ястаниб ётибди. Айнан шу ерда она табиат маҳорат билан йўнган турли шакл ва ўлчамлардаги тошлар ерга бағрини бериб ётибди. Бугун бу жойлар туманнинг экотуризм маркази, ўзига хос ташриф қоғози ҳисобланади. Доимо хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар билан гавжум бўладиган ушбу маскан бир неча йил олдин ташландиқ ҳолатда бўлганини тасаввур қилиш қийин.

– Бу ерларга кўп йиллар етарлича эътибор берилмади, - дейди “Тешиктош” экотуризм маскани раҳбари Марат Бурхонов. – Яқингача ён-атрофимиз М-39 магистрал йўлидан ўтиб-қайтувчи ҳайдовчилар томонидан ташлаб кетиладиган чиқиндилар билан тўлиб-тошарди. Ҳудуд туризм маскани учун ажратилгач, вазият ўзгарди. Адирлик чиқиндилардан тозаланди, сайёҳларнинг табиат манзараларидан баҳраманд бўлиб, мароқли ҳордиқ чиқариши учун зарур шароит яратилди. Айни пайтда маскан ёнида 32 кишилик меҳмонхона қуряпмиз.

М.Бурхоновнинг таъкидлашича, бунгача сув танқислиги сабабли ҳудудда бирорта гиёҳ ўсмаган. Жорий йил масъул идоралар кўмаги билан адирликда 16 та қудуқ қазилиб, 16 километр суғориш тармоғи тортилган. Баланд ҳудудларга сув чиқариш учун махсус техникалар жойлаштирилган. Ҳозир Тешиктош ҳамда унга туташ ҳудудларда 36 турдаги дарахт ва бута кўчати экилиб, парваришланмоқда.

Тешиктошдаги ўзгаришларни кўриб, қанчалик қувонган бўлсак, барча сайёҳларда ҳайрат уйғотадиган нақшинкор тошларнинг абгор ҳолатини кўриб, шунча кайфиятимиз тушди. Гап шундаки, маскандаги деярли барча тошлар турли ёзувлар билан бежаб ташланган. “D+M”, “X+D꞊LOVE”, “9-Б”... Сайёҳлар Тешиктошга шу маданиятсизликни кўриш учун келадими? Тошларнинг атрофи ҳам тозаланмаган, қадамда озиқ-овқат маҳсулотларидан қолган чиқиндилар сочилиб ётибди. Марказ раҳбаридан бунга изоҳ сўраганимизда, “Яқинда тошларни ювиб чиққан эдик, одамлар яна чизиб кетишяпти. Тез орада кузатув камералари қўямиз”, деган жавобни олдик. Экология бошқармаси масъуллари ҳам бунгача икки маротаба тошларни ёзувлардан тозалаганликларини маълум қилишди. Аммо бу уларнинг бугунги аянчли ҳолатини оқламайди.

Тешиктошдан чиқиб, Ургут туманининг яна бир диққатга сазовор жойи ҳисобланмиш Терсак туризм қишлоғига келдик. Бу ерда Фармон Облаёров ҳамда Қурсинбой Ҳасановларнинг меҳмон уйларида бўлиб, қишлоқнинг табиати, сайёҳлар учун яратилган қулайликлар, кўрсатилаётган хизматлар тури билан танишдик.

Туманнинг Омонқўтон маҳалласидаги “Минг арча” экотуризм марказида ёши икки асрга тенг Қрим қарағайлари кўкка бўй чўзиб турибди. Масъулларнинг маълумотига кўра, ўрмон хўжалигининг умумий майдони 6 гектарни ташкил этиб, фақат 1,25 гектари экотуризм маркази учун ажратилган. Шундай бўлса-да, сайёҳлар ўрмонда ўзи билгандек юриши мумкин эмас. Махсус йўлаклар ва дам олиш жойлари ташкил этилган.

Тадбир якунида Жомбой туманидаги “Зарафшон” миллий табиат боғида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Х.Оқбўтаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Бошқарма бошлиғи табиатни соф ҳолатда асраш, хусусан, айрим “ишбилармон”лар томонидан экологияга  етказилаётган зарарни бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Саъй-ҳаракатлар самараси “Зарафшон” миллий табиат боғи мисолида тушунтириб берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси таркибида бўлган “Зарафшон” миллий табиат боғи Давлат экология қўмитаси тизимига ўтказилган. Айни вақтда умумий майдони 2426,2 гектар бўлган боғни Давлат экология қўмитасига топшириш ишлари кетмоқда. Шунга қарамай, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ундаги табиий экологик муҳитни сақлаш, табиатга етказилган зарарни камайтириш бўйича тизимли ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, ҳудудда дарахтларнинг қуриб қолиши билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш мутахассисларнинг асосий вазифасига айланган. Айни мақсадда боғдаги кўмилиб қолган чашмалар қайта очилиб, қўшимча сув чиқариш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, боғ ҳудудида қурилиши бошланган дам олиш марказларининг фаолияти ҳам қайта кўриб чиқиляпти.

Асқар БАРОТОВ.