Энди ишни кўрувчи судья электрон танланади

Кейинги беш йилда Жаҳон банки ва Хал­қаро молия корпорациясининг "Бизнес юритиш" йиллик ҳисоботида мамлакатимиз 190 давлат орасида 146-ўриндан 76-ўринга кўтарилди. 10 та индикатор кесимида шакллантириладиган ҳисоботда мамлакатимиз "Шарт­номалар ижросини таъминлаш" бўйича 2019 йилда 41-ўриндан жой олди. "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" давлат дастури билан мамлакатимизда "Шартномалар ижросини таъминлаш" индикаторидаги ўрнини яхшилаш учун Олий суд масъул идоралардан бири сифатида белгиланди.

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида вилоят иқтисодий суди судьялари ва тадбиркорлар иштирокида ўтказилган брифингда шундай фикрлар билдирилди.

Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги қарорлари асосида ишлаб чиқилган йўл харитасига кўра, судларда ишни юритишга доир статистик маълумотлар Олий суднинг расмий сайтида жойлаштириб бориладиган бўлди. Эндиликда ҳар бир шахс ўз ҳуқуқлари ва қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини, шикоят, мурожаатларини иқтисодий судга электрон ҳужжат тарзида юбориши мумкин. Авваллари келиб тушган ишлар суд раислари томонидан судьяларнинг тажрибаси, ихтисослашуви ва ишнинг кўламидан келиб чиқиб тақсимланган бўлса, электрон тизимда ишлар судьялар ўртасида автоматик тартибда тақсимланади. 

– Мана шундай қулайликларни тадбиркорларимизга етказиш, ҳамкорлик ва олди-сотди шартномаларини қандай тузиш, низо келиб чиққанда қайси судга ва қай тартибда мурожаат қилишларини тушунтириш мақсадида ушбу брифингни ташкил этдик, – дейди вилоят иқтисодий суди судьяси Ойбек Асадов. – Қолаверса, бошқа ҳудудда ўтказилаётган судда иштирок этиш учун тадбиркорларимиз вақт сарфлаб ўша жойга бориб эмас, балки суд идораларида видео-конференцалоқа орқали қатнашишлари мумкин бўлди. Бу каби учрашувлар орқали тадбиркорларимизнинг ҳуқуқий билимларини оширсак, мамлакатимиз халқаро молия бозорида ўз ўрнини янада тезроқ мустаҳкамлашга эришади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.