Энг кўп мурожаат электр таъминотидан келиб тушмоқда
Масъулларнинг билдиришича, эртадан тизимда узилишлар бўлмайди
Вилоят ҳокимлигида куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш учун штаблар ташкил қилингани ҳақида хабар бергандик. Бизга келиб тушган мурожаатга кўра, мазкур штаблар айтилганидек, сутка давомида узлуксиз ишламаяпти. Яъни, айрим вақтларда, асосан тунги пайтда қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермайди.
Масалан, Пайариқ тумани Эшимоқсоқ маҳалласида яшовчи мурожаатчининг билдиришича, 3-4 кундан буён тунги соат 23:59 дан кейин электр таъминоти тўхтатилаётган экан.
Бу эса сайтимизда ўтказилган сўровномада иштирок этган 2058 иштирокчининг 15 фоизи тез-тез узилиш бўляпти, 18 фоизи биринчи ёмғирдаёқ электрсиз қолдик, деган жавобни бежиз белгиламаганини кўрсатиб турибди. Энг кўп иштирокчи – 39 фоизи узилишлар бор, аммо ҳолат олдингидан анча яхши эканлигини билдирган.
“Биринчи куни Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси диспетчеридан тармоқда носозлик бор, аниқлик киритяпмиз, деган жавобни олдик, - дейилади мурожаатда. - Таассуфки, кейинги кунлар жавоб варианти ўзгарди. Электр узатишда муаммо бўлмаслиги учун қўшимча подстанция ўрнатиляпти”.
Мурожаат юзасидан вилоят ҳокимлигида ташкил қилинган штаб билан боғландик. Бу ерда навбатчилик қилаётган ходимнинг билдиришича, улар фақат мурожаатларни қабул қилади ва тегишли ташкилотларга етказади. Яъни, ўзлари ишлайдиган ташкилотга қайси жойда тизимга оид муаммо мавжудлигини айтади.
Мазкур маълумотларни мурожаатчига етказганимизда қизиқ гап айтиб қолди: “Унда бу штабни вилоят ҳокимлигида ташкил қилишдан мақсад нима? Коммунал соҳа ташкилотларида навбатчилик қилаётган ходимлар сонини оширишдан иборатми?
Бундай дейишимга сабаб шуки, барибир туман ҳокимликларида ташкил қилинган штаблар кечаси ишламайди. Вилоятдаги диспетчерларга қўнғироқ қилиб, тайинли жавоб ололмайсан”.
Биз кимнидир айблаш ёки оқлаш фикридан йироқмиз. Аммо шуниси аниқки, вилоят ҳокимлигидаги штабга 23 октябрдан буён энг кўп мурожаат электр таъминоти билан боғлиқ бўлган - 65 та. Табиий газ таъминоти бўйича эса ундан қарийб 2 баробар кам - 31 та мурожаат келиб тушган.
Дарвоқе, вилоят электр тармоқлари корхонаси диспетчери билан боғланганимизда мурожаатчига айтилган гап такрорланди: янги подстанция ўрнатяпмиз, эртадан электр таъминотида узилиш бўлмайди”.
Шу ўринда яна бир гап. Сал аввалроқ сайтимизда “Газ йўқ, свет тез-тез ўчади, хонадонлардаги печка кўмир ёқишга мўлжалланмаган...” деб номланган мақола эълон қилинган эди. Бироқ электр тармоқлари корхонаси томонидан бунга ҳеч бир муносабат билдирилмади.
Бироқ юқоридаги гаплар қанчалик рост ёки акси эканлигини вақт кўрсатади. Биргаликда кузатамиз.