Энг узоқ қамоқ муддатлари. Улар кимларга ва нима қилмиши учун берилган?

Қамоқ муддатини тайинлашда жазоларни қўшиб ҳисоблаш тамойили дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд. Агар шахс бир нечта жиноят содир этган бўлса, уларнинг ҳар бири учун жазо муддати қўшиб умумлаштирилади. Шу сабабли судлар жиноятчига жисмонан ўта олишининг деярли имкони йўқ жазо муддатларини тайинлаган ҳолатлар келиб чиқади.

Масалан, таиландлик фирибгар аёл Чамой Тхипьясо “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирди. 1989 йилда Бангкок суди йирик банк фирибгарликлари учун у ва унинг еттита шеригининг ҳар бирига 141 078 йилдан қамоқ жазоси белгилади.
Бугун эътиборингизга энг йирик қамоқ жазосига ҳукм қилинган кишиларни ҳавола этамиз.

Миллионер Шмидт — 330 йил

Сармоядорларни алдаб бойлик орттирган миллионер Шмидт Америка суд тизими томонидан 330 йилга қамалган. Энди у бойлигидан фойдалана оладими? Эҳтимол, агар у зиндонларда ўлмаслик сеҳрли дамламасини ўйлаб топса.

Шалом Вайс — 845 йил

Пенсия тизимида ишлаган ва юзлаб АҚШ фуқароларини талон-торож қилган жиноятчи Шалом Вайс аввалига 2000 йил қамоқ жазосини олди, суд ҳукмидан норози бўлиб шикоят ариза берган хизматчининг қамоқ жазоси 845 йилга туширилди. Мана буни афв қилиш деса бўлади.

Хуан Корона – 25 умрбод қамоқ жазоси

АҚШнинг Калифорния штатидан бўлган Хуан Корона ҳам шафқатсиз жиноятчи эди. У ўзи ёллаган 25 нафар якка тартибдаги ишчининг ҳаётига зомин бўлди. Улар бир йил давомида унинг жаҳли чиққан пайтда қўл остига тушган 25 нафар муҳожир эди. Хуан ўликларни “иш жойида”, яъни даланинг ўзида дафн қилган.

Дадли Вэйн Кизер — 10 000 йил ва 2 умрбод қамоқ жазоси

1981 йилда хотинини шафқатсизларча ўлдирган Дадли Вейн Кизер 10 минг йилга ҳукм қилинди, кейин қайнонаси ва ёш талабани ўлдиргани учун бу жазога яна иккита умрбод қамоқ жазоси қўшилди.

Почтачи - 384 912 йил

1972 йилда бир ишёқмас почтачи 384 912 йилга қамалди. Кимдир бу жазо оммавий қотиллик учун берилган деб ўйлаши мумкин. Аслида ундай эмас, дангасалиги учун! Бу одам 4000 дан ортиқ хатни манзилига етказиб бермаган. Ҳақиқатан ҳам бу жазо тарихидаги Испания қамоқхона тизими томонидан тайинланган энг йирик "кесилиш" бўлди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.