Эпохал саҳна: дунёдаги ноодатий театрлар
Классик театр мероси ўлмасдир. Бироқ томошабинга янада долзарб ва яқинроқ бўлиш учун бу саҳналар нафақат режиссёрлар, балки архитекторларнинг янги ижодий нигоҳига муҳтож.
Seebühne, Bregenzer Festspiele, Австрия, Брегенц
Брегенц фестивалининг сув устида қалқиб турадиган опера саҳнаси Боден кўлидаги устунларда ўрнатилган. Кўлнинг ўзи спектаклда саҳна майдонининг давоми сифатида ишлатилади. Мисол учун, Умберто Жорданонинг “Андре Шанье” асарида ҳовуз қаҳрамон Марат ўлдирилган ванна ролини “ўйнайди”. Спектаклнинг асосий безаги сифатида баландлиги 24 метр, оғирлиги 60 тонналик демократ Якобиннинг улкан бюсти хизмат қилади.
Arena di Verona, Италия, Верона
Arena di Verona катталиги бўйича қадимги Рим амфитеатри, Колизейдан кейин учинчи ўринда туради ва 30 минг томошабинни сиғдира олади. 2000 йиллик тарих давомида бино гладиаторлар аренаси, цирк, қатл қилинадиган жой вазифасини бажариб келган. 1913 йилдан бери бу ерда опералар мунтазам намойиш этиб келинади. Қуйида томошабинлар учун курсилар ўрнатилган, лекин чипталари арзонроқ ҳақиқий тош зинапояларда ҳам ўтириш мумкин.
Auditorio de Tenerife, Испания, Санта-Круз-де-Тенерифе
Меъмор ва ҳайкалтарош Сантьяго Калатраванинг туристик ижоди елканли кемага ўхшайди. Ичкарида иккита катта симфония ва камера заллари бор. Бинонинг ғурури 3835 трубкали улкан мусиқий орган театр партерининг икки томонига жойлаштирилган.
Oslo Opera-huzet, Норвегия, Осло
Бино қисман сувга “чўктирилган” ва сиртдан қараганда айсбергни эслатади. Томи эса сайр майдони сифатида фойдаланилади – пандуслари ҳам бор. Бу техник жиҳатдан энг яхши жиҳозланган бинолардан бири бўлиб, саҳна исталган йўналишда ҳаракатлана оладиган 16 платформадан иборат. Асосий зал 800 светодиодли қандил билан ёритилган.
Esplanade, Сингапур
2002 йилда Марина кўрфазида икки тангачадор эгизак гумбаз пайдо бўлди. Уларни зефир, папайя ва ҳатто чўмолихўр (ҳайвон) билан солиштиришди, охир-оқибат биноларга “дуриан” лақабини беришди. Концерт зали акустика бўйича дунёдаги энг яхшиларидан бири ҳисобланади.
Le théâtre antique d’Orange, Франция, Оранж
Араузиона (Оранж)даги қадимий театр энг яхши сақланиб қолинган қадимги Рим театрларидан биридир. Саҳна орқасидаги тўрт қаватли девор ва тоғга ўйилган амфитеатр улуғвор кўринишга эга. 1869 йилдан буён бу ерда “Рим байрамлари” фестивали ўтказиб келинади. Бу саҳнада Сара Бернар ва Монтсеррат Кабалье каби опера юлдузлари чиқиш қилиб, томошабинларга завқ бағишлайди.
Dalhalla, Швеция, Роттвик
Театр саҳнаси 60 метр чуқурликдаги собиқ тош конида жиҳозланган. Табиий безак сифатида тоза ичимлик сувли зумрад кўлдан фойдаланилади. Карьердаги акустика нуфузли Европа театрларидан қолишмайди, бу ерда деярли ҳеч қандай акс-садо йўқ. Ҳар ёзда театрда 20-30 га яқин спектакль намойиш этилади.
Center for Performing Arts in Downtown Albany, АҚШ, Олбани (Нью-Йорк)
Узоқдан қаралса, у скульптурани эслатади. Бино такликка ўтказиб қўйилган яримта синган тухумга ўхшайди. Унинг олти қаватли асоси ер остида жойлаштирилган. Ичкарида иккита зал бор. Улардан бири камер мусиқаси концертлари, кабаре, маърузалар ва мультимедиа тақдимотлари, иккинчиси эса спектакллар, концерт ва мусиқий чиқишлар учун мўлжалланган.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.