Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Футбол: Месси, Рамос "ПСЖ"дан, Бензема ва яна уч футболчи "Реал"дан кетди

"Юлдуз"ларнинг аксарияти Европа клубларини тарк этиб, Саудия Арабистони клубларига ўтмоқда

Жорий мавсум "ПСЖ" Франция чемпионига айланди. Мбаппе, Неймар, Месси, Рамос ва бошқалар мавсумнинг иккита муҳим титулидан бирига эга чиқди. Лекин бу сафаргиси қайғули чемпионлик бўлди. Чунки  Месси ва Рамос мавсум якунида Париж клубини тарк этди.

35 ёшли аргентиналик футболчи 2021 йилнинг ёзидан буён "ПСЖ"да ўйнамоқда. У парижликлар сафида 74 та ўйинда майдонга тушиб, 32 та гол урган ва 35 та голга ассистентлик қилган. ОАВ хабарларига кўра, Мессига асосий даъвогарлар Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол" клуби ва MLS вакили "Интер Майами" бўлиб, "Барселона"га қайтиш варианти ҳам истисно қилинмаяпти.

Шунингдек, испаниялик футболчи Серхио Рамос "ПСЖ" клуби сафида икки мавсум ўтказди. Барча даврларнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири "ПСЖ"да 57 та ўйин ўтказиб, 5 та гол урди. Унга ҳам Саудия Арабистони клубларидан таклиф тушмоқда.

Испаниянинг "Реал Мадрид" клуби мавсум сўнгида тўрт нафар футболчининг кетишини эълон қилди. Жамоани Эден Азар, Марко Асенсио, Карим Бензема ва Мариано Диас тарк этди. Начо тез орада уларга қўшилиши мумкин. Шунингдек, Саудия Арабистонига чақирилган Лука Модрич ҳали янги шартнома имзолагани йўқ.

Бензема  эса Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" клуби билан икки йиллик шартнома имзолади. ОАВ хабарига кўра, Карим "Ал Иттиҳод"да икки йилда солиқлардан ташқари 200 миллион доллар маош олади.  Унинг ўрнига "Реал" Англиянинг "Тоттенхэм" клуби ҳужумчиси Ҳарри Кейн номзодини кўриб чиқмоқда. Клубнинг яна бир юлдузи Марко Асенсио расман "ПСЖ" клуби билан 4 йиллик шартнома имзолади. Асенсио Ла лиганинг жорий мавсумида 31 ўйинда майдонга тушиб, 9 гол муаллифига айланди.

Италиянининг "Милан" клуби ҳужумчиси Златан Ибрагимович футболчилик фаолиятини 41 ёшида  якунлади. Швециялик футболчи А сериянинг сўнгги турида бўлиб ўтган "Милан" – "Верона" (3:1) учрашувидан кейин ўз қарорини эълон қилди.

Златан Ибрагимович профессионал футболчилик фаолиятини 1999 йилда бошлаган. У Швеция терма жамоаси сафида 122 та ўйинда майдонга тушиб, 62 та гол урган. Бу Швеция учун рекорд натижа ҳисобланади. Ҳужумчи фаолияти давомида 34 та совринни қўлга киритган.

Энди футбол юлдузларининг Европа клубларини тарк этиб, Саудия Арабистони клубларига йўл олаётгани ҳақида икки оғиз.

Саудия Арабистони футбол клубларини хусусийлаштириш лойиҳасини бошлаган кўринади.

Мамлакатда спортни ривожлантиришга қаратилган “Vision 2030” лойиҳаси доирасида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ал Сауд спорт клубларини сармоялаш ва хусусийлаштириш лойиҳасини ишга туширди.

Лойиҳа ҳозирги босқичда икки йўналишдан иборат. Биринчиси, йирик компанияларга ушбу жамоаларнинг эгалик ҳуқуқини уларга ўтказиш эвазига спорт клубларига сармоя киритиш имконини беради. Иккинчиси, 2023 йил охиридан бошлаб бир қатор спорт клубларини хусусийлаштиришни назарда тутади.

Лойиҳанинг мақсади - спорт соҳасига инвестиция имкониятларини ривожлантириш, шунингдек, клубларнинг рақобатбардошлиги ва инфратузилмасининг сифатини оширишдан иборат.

Қолаверса, лойиҳа туфайли мамлакатда футбол ва унинг рақобатини ривожлантириш кутилмоқда, бу эса “Саудия Арабистони лигасини дунёнинг Топ-10 лигаси қаторига киритиш” имконини беради.

Саудия Арабистони чемпионатининг даромади йилига 450 миллион риалдан (112 миллион евро) 1,8 миллиард риалга (450 миллион евро) ошиши, шунингдек, лига қийматининг 3 миллиарддан 8 миллиард риалга кўтарилиши кутилмоқда.

Саудия Арабистони чемпионатида бошқа "юлдуз"лар қатори “Ан-Наср” ўйинчиси Криштиану Роналду ҳам ўйнайди. "Реал"нинг собиқ ҳужумчиси Карим Бензема  ҳам "Ал-Иттиҳод"га ўтди. Шунингдек, Серхио Рамос, Серхио Бускетс, Н'Голо Канте ва Жорди Альбаларни ҳам яқин орада Саудия клубларида кўришимиз мумкин.

Чунки саудияликлар Европа юлдузларини кўп маош, қулай шароит ва солиқлардан озод қилган ҳолда ёки кам солиқ тўлаш шарти билан Осиёга олиб келмоқда.

Фазлиддин Рўзибоев тайёрлади.