“ҒАЙРАТ” КЎЧАСИ ҚАЕРДА?

Кўча номлари қўйилишида нималарга эътибор берилади? Қайси жиҳатлар асос қилиб олинади? Кимлар билан маслаҳатлашилади? Шу кўча ёки маҳалла аҳлининг фикри инобатга олинадими?

Очиғи, кўчаларни номлаш жараёнидан бехабарлигим учун шу саволлар ўйлантирмоқда. Бу муаммога дуч келганимда шу каби саволлар кўпчиликни ўйлантираётганига гувоҳ бўлдим.

Ҳозир чекка қишлоқларгача кўчалар номланиб, уйларга тартиб рақами берилаяпти. Ургут туманидаги Қайроқли қишлоғи катта қишлоқ. Аҳолиси кўп, демак, кўчалари ҳам анчагина. Шу қишлоққа яқинда кўчаларга номланиб, уйларга тартиб рақами тарқатилди. Лекин айнан кўча номлари аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Тўйда ҳам, таъзияда ҳам шу масала муҳокамада. Тўрт одам йиғилса шу гап. Сабаби, кўчаларга “Ғайрат”, “Ёшлик”, “Мирсаид Кулол” каби номлар берилганки, нега айнан шу ном деган саволга жавоб йўқ.

-  Бир йил илгари туман ҳокимлиги кўчаларни номлаш бўйича таклифлар беринглар, деганди, -  дейди маҳалла фаолларидан А.Набиев. - Ҳар бир кўчага учтадан ном тавсия қилиб ёзиб бергандик. Бирортасиям ўтмабди. Кимлардир дуч келган номларни қўйиб берибди. Ҳайрон бўлиб турибмиз.

Қишлоқ аҳолисининг якдил фикри шундай:

-  Қишлоғимизда улуғ инсонлар, давлатга, жамиятга, қишлоғимизга катта хизмат қилиб ўтган инсонлар кўп. Одамлар ўша одамлар яшаган маҳаллани шу кишиларнинг номи билан аташади. Масалан, “Облоқул раиснинг кўчаси,” “Асад раис бобонинг қишлоғи” каби.

Қишлоқларимиз кўчаларига ўзимизнинг атоқли одамларимизнинг номини қўйиш керак эди. Бир умр раҳбарлик лавозимларида ишлаб қишлоқни обод қилган, шогирдлар етиштирган улуғ инсонлар кўп. 40-50 йиллар ўқитувчилик қилиб, халқнинг эъзозига эришган устоз ўқитувчиларимиз бор. Ана шуларнинг номини қўйиш керак. Ёш авлодга ҳам ўрнак, ҳам ифтихор бўлади. Кўча номи шу кўчада яшовчилар учун фахр бўлиши, қандайдир аҳамиятга эга бўлиши лозим!

Хўп, кишининг номи кўчага қўйилиши учун фалон-фалон талаблар бор дейишлари мумкин. Унда “Ғайрат” дегани нимани англатади? “Ёшлик” деган кўчада кексалар йўқми? “Мирсаид Кулол” ким, унинг бизнинг қишлоққа нима алоқаси бор?

Хуллас, Ургут тумани Қайроқли қишлоғи кўча номларини маҳалла фаоллари иштирокида қайта кўриб чиқиш керак! Кўча номи ҳар кун ўзгармайди, шунинг уни таваккалига номлаб ташлаш умуман тўғри эмас.

Садриддин НАБИЕВ.