Ички ишлар ходимига нега оқлов ҳукми чиқарилди?
Президентимиз Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида сўнгги 3 йилда 1989 нафар, 2019 йилнинг ўзида эса 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганини қайд этиб, «Судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиздир. Мен, Президент сифатида судьяларнинг бундай жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман», дея таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг бу фикрлари нафақат биз судьялар меҳнатининг эътирофи, балки адолатни қарор топтириш, ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариш бўйича зиммамизга юклатилган улкан масъулият ҳамдир.
Захидов Фарруҳ Фарҳодович 2010 йил сентябрь ойидан Самарқанд шаҳар ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ тезкор вакили лавозимида ишлаб келиб, ноқонуний равишда мулкий наф кўриш мақсадида, 2013 йилнинг январь ойида ҳамкасби Ш.Ашуров билан ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, фуқаро М.Набиевнинг қўлларига темир кишан тақиб, унинг келгусидаги фаолиятига раҳнамолик қилиши эвазига тамагирлик йўли билан 200.000 сўм, 405 АҚШ доллари ва 1.000 Россия рублини пора тариқасида олганликда айбланиб, 3 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ҳамда мансабдорлик, моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 28 майдаги ажримига кўра, Ф.Захидов ЖКнинг (эски таҳрирдаги) 206-моддаси 2-қисми “в” банди ва 210-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этмаган, деб топилиб оқланди.
Чунки ишни апелляция тартибида кўриш давомида Ф.Захидовнингдастлабки тергов давомида, ҳибсда сақланган вақтдаги айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, уни айблашга асос бўлган бирор-бир объектив далил топилмади.
Бундан ташқари, дастлабки тергов давомида Ф.Захидовни мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда пора олиш жиноятларини содир қилганлигини намоён этувчи бирор-бир ишончга сазовор ва мақбул далиллар тўпланмаган. Биринчи инстанция судида эса унинг айбини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилмасдан, уни айбли деб топиб, барвақт хулосага келинган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган.
Юқорида кўрсатилган ва бошқа қонуний асосларга кўра, апелляция инстанцияси судлов ҳайъати Ф.Захидовнинг ҳаракатларида мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва пора олиш жиноятларининг таркиби йўқлиги сабабли уни айбсиз деб топиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқлади.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди.