Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилди

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилинишини таъминлаш, қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқартириш, шунингдек, вазирликлар, давлат қўмитаси ва идоралар томонидан норматив ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишни энг кам даражага етказиш ва бу амалиётни босқичма-босқич бекор қилиш ташаббус қилинган эди.

Идоравий қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб эса тўлиқ ягона электрон тизим орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек, 2021 йил 1 январгача идоравий қонун ҳужжатларини қабул қилиш тўхтатилди. Ушбу қоида Ўзбекистон Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида ўз аксини топди.

Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 июлдан бошлаб хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солиниши таъқиқланди.

Шунингдек, идоравий қонун ҳужжатларига жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўйилмайди, деган тартиб белгиланган.

Бундан ташқари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўйилмайди. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар вазирликда мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олинади ва кучга киради, дейилди фармонда.

2020 йил 1 июлдан бошлаб қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда қуйидагиларни назарда тутувчи «пакет» принципи жорий қилинди:

- янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уни амалга оширишга қаратилган ҳаволаки нормалар янги қонун билан бирга ёки қонунда белгиланган муддатда ишлаб чиқилади ва кучга киради;

- янги қонун лойиҳаси билан белгиланаётган қоидалар илгари қабул қилинган қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо этганда, илгари қабул қилинган қонунларга ўзгартириш киритиш янги қонунни қабул қилиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади;

- вазирлик ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бир хил масаладаги ўзгартириш ва қўшимчаларни битта ҳужжат билан киритади;

- Адлия вазирлигига Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрида мавжуд бўлган ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади. Бунда улар айнан бир хил масалада ва техник кўринишда бўлиши лозим.

Фармонга мувофиқ, қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий қонун ҳужжатларини қабул қилиш тўхтатилди. Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек, унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бундан мустасно.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни босқичма-босқич камайтириш ва турли идораларнинг норма ижодкорлиги ваколатларини чеклаш белгиланган эди.

Бугунги кунга келиб, мазкур фармон билан белгиланган нормани 2021  йил 1 январгача деб белгиланган муддат тугагач, юқоридаги ҳужжатлар асосида бутун бир амалиётга ўтказишни таклиф қилсак, айни муддао. Сабаби, кўп йиллик иш тажрибамиз ҳамда бугунги кун талабидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ортиқча ҳужжатбозлик балосидан қутулган бўламиз.

Акбар АХТАМОВ,

ЎзМТДП Самарқанд вилояти кенгаши раиси.