Ижтимоий тармоқларда нафрат сўзларига қарши қандай курашиш мумкин?
Фейк хабарларни қандай аниқлаш мумкин? Фактчекинг, яъни маълумотларнинг тўғрилигини билишнинг қандай усуллари бор?
Самарқандда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлигида журналист ва блогерлар тажрибасини ошириш учун ўтказилган семинар-тренингда шу масалалар кўтарилди.
- Бугун ахборот сайтларида у ёки бу материалларнинг муаллифдан сўроқсиз ёки манбасини келтирмасдан олиб берилиши жуда кўп тарқалган, - дейди марказ тренери, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги мухбири Анора Содиқова. - Ёки инсон ҳуқуқларига дахл қилувчи мақолалар берилиш ҳолатлари учраб туради. Дейлик, кейинги кунларда оммавий ахборот воситаларида Суриядан қайтган аёлларнинг тақдири ҳикоя қилиниб, унинг юзини кўрсатиш, жиноятчининг нега одам ўлдиргани воқеасини айнан унинг фикрлари асосида бериш каби ҳолатлар кузатилди. Бу ҳолатлар қонуний жиҳатдан ҳам, этика нуқтаи назаридан ҳам хато.
Семинар давомида, шунингдек, мобиль журналистика асослари, мультимедиа инструментлари бўйича амалий машғулотлар ҳам ўтилди.