Самарқанд вилоятининг инвестиция салоҳияти «Инвестиция портали»да ёритиб борилади

Бугун, 2 октябрда Самарқанд вилояти ҳокимининг фармойиши қабул қилинди. Мазкур фармойишда Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга оид вазифаларни амалга ошириш ҳамда вилоятнинг инвестицион ва иқтисодий салоҳиятини хорижий ҳамкорларга кенг тарғиб этишни тизимли ва самарали ташкил этиш белгиланган.

Фармойишга асосан (www.invest.gov.uz) «Инвестиция портали»да жойлаштириладиган маълумотларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўз вақтида тақдим этиш, маълумотларнинг сифатли ва ҳаққонийлиги учун жавобгарлик белгиланди. Бунинг учун инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ишончли маълумотлар билан таъминлаш учун масъул ходим бириктиради. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги, туман (шаҳар) ҳокимликларининг махсус веб-сайтида “Инвестиция салоҳияти” бўлими ташкил этилиб, икки ой ичида веб-сайт ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилиши таъминланади.

Ушбу бўлимда ҳудуднинг умумий маълумотлари чегаралари, географик жойлашуви, иқтисодий кўрсаткичлари ва салоҳияти, табиий ресурслари, кадрлар салоҳияти, инвестиция қонунчилиги, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари, истиқболли лойиҳа таклифлари ва бошқа маълумотлар жойлаштириб борилади.